Бишкекдаги футбол турнирида Президент энг яхши ҳужумчи бўлди

Спорт

foo

Кеча, 31 май куни Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иштирокида футбол бўйича “Мурас” турнири бошланганди. Ушбу турнир бугун, 1 июнь куни ўз ниҳоясига етди ҳамда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Президент тақдирлаш маросимидан олдин нутқ сўзлаган. Давлат раҳбари ўз нутқида спорт соғлиқ ва узоқ умр манбаи эканини алоҳида таъкидлаган ҳамда барча жамоаларга кейинги мусобақаларда ғалаба тилаган.

 

Шунингдек, у “Мурас” турнирида кетма-кет учинчи марта ғолиб бўлган “Ден соолук” жамоасини самимий табриклаган.

Мусобақа якунларига кўра:

“Ден соолук” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, 400 минг сом (тахминан 54 млн сўм) пул мукофотига сазовор бўлган.

Иккинчи ўринни эгаллаган “Ыйман” жамоаси 300 минг сом (тахминан 40 млн 500 минг сўм) олган.

Учинчи ўрин эса “Президенттин командасы”га насиб этган ва улар 200 минг сом (тахминан 27 млн сўм) пул мукофоти билан тақдирланган.

Тўртинчи ўринни эгаллаган “Коопсуздук” жамоасига эса 100 минг сомлик (тахминан 13 млн 500 минг сўм) сертификат топширилган.

Турнир давомида учта алоҳида номинация бўйича ҳам энг яхши футболчилар аниқланган ва уларнинг ҳар бири 50 минг сомлик (6 млн 750 минг сўм) пул мукофотига эга бўлган:

“Энг яхши ҳужумчи” номинациясига Президент Садир Жапаров лойиқ кўрилган, у турнир давомида 7 та гол киритган. Давлат раҳбари ўз мукофотини “Ыйман” жамоасига топширган.

“Энг яхши дарвозабон” – Султон Осмонбеков (“Ыйман” жамоаси).

“Турнирнинг энг яхши ўйинчиси” – Нурлан Турусбеков (“Ден соолук” жамоаси).

Ғолиблар ва совриндор жамоаларга кубоклар ва медаллар топширилган. Мукофотлаш маросими якунида иштирокчилар эсдалик учун суратга тушган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бишкек Садир Жапаров Мурас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг