Саида Мирзиёева Москвада Валентина Матвиенко билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 29 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Москвага ташриф доирасида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

Билдирилишича, Ўзбекистон-Россия муносабатларининг муҳим йўналиши бўлган маданий-гуманитар мулоқотни ривожлантириш ва жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари эътибор марказида бўлган. Парламентлараро ҳамкорлик ва минтақалараро алоқалар юксак даражага чиққани мамнуният билан қайд этилган.

Шунингдек, таълим ва маданият соҳаларидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилган. Россия олий таълим муассасаларининг янги филиалларини очишга кўмаклашиш, ёшлар учун қўшма дастурлар, шунингдек, маданият соҳасидаги ташаббуслар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилган.

“Фахрийлар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида тўхталинди. Маданий мулоқот ва гуманитар алмашинув икки томонлама муносабатларнинг муҳим асоси бўлиб қолаётгани тўғрисида якдил фикр билдирдик”, деб ёзади Мирзиёева.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегациясининг Москвага ташрифи доирасида кеча, 28 май куни Саида Мирзиёева Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари Антон Вайно, унинг биринчи ўринбосарлари Сергей Кириенко ва Алексей Громов ҳамда Россия Федерацияси Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский билан ҳам учрашувлар ўтказди. Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов эса кеча, 28 май куни Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Дмитрий Песков билан учрашди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда  Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Тошкентда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашганди. Учрашув Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Валентина Матвиенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг