Саида Мирзиёева ҳам Ургутга поездда борди
Жамият
−
09:47 4987 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кеча, 17 декабрь куни “Самарқанд – Ургут” янги темирйўл линиясида поезд билан Ургутгача борди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Кеча Ургутда бўлдик. Самарқанддан Ургут вокзалигача янги темирйўл орқали келдик. Бу йўл Ургутда эркин иқтисодий зона шаклланиши, тадбиркорлар, йўловчилар учун масофа ва харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма бўлади”, дейди Мирзиёева.
У, шунингдек, Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси билан танишган.
“Янги логистика маркази кунига 100 тагача юк автомобилига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Бу ерда логистика фақат ташиш эмас, балки маҳсулот қийматини оширувчи босқич сифатида кўрилмоқда. Божхона жараёнларида бюрократия қисқариб, тезлик ва шаффофлик оширилади”, дея ёзган Саида Мирзиёева.
Унинг қўшимча қилишича, диагностика марказида 200 нафар бемор, савдо марказида эса 800 нафар тадбиркор учун шароитлар яратилади. Бу орқали Тожикистон фуқаролари ҳам паспорт назорати, ортиқча ҳужжат ва навбатларсиз савдо қилишлари, тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Одамлар учун қулайлик ошади ва иқтисодий алоқалар янада кучаяди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳам жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда Ургутга борганди ҳамда туман фаоллари билан самимий мулоқот ўтказганди.
Live
Барчаси