Мирзиёев ва Путиннинг воизлари Москвада учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов кеча, 28 май куни Ўзбекистон делегациясининг Москвага ташрифи доирасида Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Дмитрий Песков билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзди.

Унинг маълум қилишича, Асадов Песков билан ахборот соҳасидаги ҳамкорлик ва соҳа учун мутахассислар тайёрлашнинг долзарб масалалари ва истиқболларини муҳокама қилган.

“Давлатларимиз раҳбарларининг матбуот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, профессионал тажриба ва стратегик коммуникацияларга доир ёндашувлар алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тез ўзгарувчан медиа муҳит ва рақамли платформалар аҳамияти ортиб бораётган шароитда ходимларнинг малакасини ошириш муҳимлиги таъкидланди”, деб ёзади Асадов.

Шунингдек, келгусидаги айрим режалар, шу жумладан ахборот сиёсати ва икки томонлама кун тартибини медиа жиҳатидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалалари кўриб чиқилган. Очиқ мулоқот, профессионал ҳамкорлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга интилиш муштарак экани тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия томонининг таклифига биноан Москва шаҳрида Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари Антон Вайно билан учрашганди. Суҳбат давомида юқори суръатда ривожланиб бораётган ва аниқ натижалар бераётган Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Дмитрий Песков Шерзод Асадов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг