“Хоналарни зах босган”. Саида Мирзиёева Ургутдаги хароба поликлиникага борди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бугун, 18 декабрь куни Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳридаги чекка қишлоқларидан бирида жойлашган “Навоий” поликлиникасига борди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Президент Администрацияси раҳбарига кўра, ушбу поликлиника 1972 йилда қурилган ва таъмирга муҳтож.

“Ургутнинг чекка қишлоқларидан биридаги “Навоий” поликлиникасида бўлдим. 1972 йилда қурилган бино капитал таъмирга, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, муассаса 13 мингдан ортиқ аҳоли учун бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади. 16 та қишлоқда яшовчи аҳоли учун эса бу туғуруқни амалга ошира олувчи энг яқин ва ягона тиббиёт маскани.

“Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Зах хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти”, дея ёзган Мирзиёева.

Мирзиёевага кўра, мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режа батафсил кўриб чиқилган.

“Бу ҳолат битта поликлиниканинг муаммоси эмас. Бу – бирламчи тиббий хизмат тизимида мавжуд бўлган катта муаммоларнинг акси. Олдимизда диагностика ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш вазифалари турибди. Мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режани батафсил кўриб чиқдик.

Бу жараён фақат биноларни таъмирлаш билангина чекланмайди, балки бирламчи тиббий-санитария тизимига бўлган ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилади. Бугун кўрганларим шуни яна бир бор исботлади: соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмайди”, дея ўз постини якунлаган Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кеча, 17 декабрь куни “Самарқанд – Ургут” янги темирйўл линиясида поезд билан Ургутгача борганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий Саида Мирзиёева Ургут

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг