Россия Украина ва Европага жиддий айблов қўйди
Олам
−
27 Май 9212 2 дақиқа
Россия Мудофаа вазирлиги Украина ва айрим Европа давлатларини Украина можаросига доир музокара жараёнини издан чиқаришга уринишда айблади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Москва ташаббуси билан Украина билан тўғридан тўғри тинчлик музокаралари тикланган, бироқ Киев томони Европанинг айрим мамлакатлари кўмагида музокараларни бузишга қаратилган бир қатор провокацион ҳаракатларни амалга оширган.
Мудофаа вазирлиги, шунингдек, жорий йилнинг 20 май кунидан бошлаб Украина томонидан Россиянинг фуқаролик объектларига қарши дронлар ва Ғарбда ишлаб чиқарилган реактив снарядлар билан ҳужумлар сони кескин ошганини қайд этган.
Расмий статистикага кўра, 20 май соат 20:00 дан 27 май соат 08:00 гача бўлган даврда Россия ҳаво мудофааси 2331 та зарба берувчи дронни йўқ қилган ёки ушлаб қолган, улардан 1465 таси ҳарбий ҳаракатлар зонаси ташқарисида аниқланган.
“Украина дронларининг Россия ҳудудларига уюштирган ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли, жумладан аёллар ва болалар жабр кўрган”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги музокараларда Украина ва Россия делегациялари “1000 га 1000” форматида маҳбуслар алмашинувини амалга оширишга келишиб олганди. Украина делегацияси раҳбари, Мудофаа вазири Рустам Умаровнинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри музокаралар чоғида Президентлар Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви ҳам муҳокама қилинган. Украина делегацияси раҳбарининг қўшимча қилишича, Россия билан мумкин бўлган янги музокаралар “яқин вақт ичида эълон қилинади”. Қолаверса, томонлар 23 ва 24 май куни “1000 га 1000” форматида асирларни алмашди.