Украина ва Россия “1000 га 1000” форматида асирларни алмашди

Олам

image

Россия ва Украина мамлакатлари “1000 га 1000” форматида ҳарбий асирларни алмаштиришнинг биринчи босқичини амалга оширди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Telegram-каналларида хабар берилди.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Истанбулда Украина билан эришилган келишув доирасида 270 нафар ҳарбий ва 120 нафар фуқаро қайтариб олинган. Қайтарилганлар орасида Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига ҳужумидан кейин Украинага олиб кетилган тинч аҳоли ҳам бўлган. Шу тариқа, Украинага ҳам 270 нафар ҳарбий ва 120 нафар фуқаро топширилган.

Россиянинг қайтарилган ҳарбийлар ва тинч аҳолиси Беларусь ҳудудида қолган.

“Кейинчалик уларни Россияга олиб келиб, тиббий муассасаларда даволаш ва реабилитация қилиш режалаштирилмоқда”, дейилади хабарда.

Россия Мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, Россия томони ташаббуси билан бошланган кенг қамровли алмаштириш жараёни яқин кунларда яна давом эттирилиши режалаштирилмоқда.

Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ёзишича, 390 киши Украинага қайтган. Зеленскийга кўра, алмашинувнинг кейинги босқичи 24 ёки 25 май кунлари амалга оширилиши мумкин.

“Уйга қайтиши учун ёрдам бераётган, меҳнат қилаётган барча инсонларга раҳмат. Қамоқда бўлган ҳар бир кишини қайтариш жуда муҳим. Ҳар бир фамилия, ҳар бир шахс ҳақидаги маълумот текширилмоқда. Бундай қадамлар амалга ошиши учун дипломатик ишларимизни давом эттирамиз”, дея ёзиб қолдирган Зеленский.

Маълумот учун, жорий йилнинг 16 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги музокараларда Украина ва Россия делегациялари “1000 га 1000” форматида маҳбуслар алмашинувини амалга оширишга келишиб олганди. Украина делегацияси раҳбари Умаровнинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри музокаралар чоғида Президентлар Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви ҳам муҳокама қилинган. Украина делегацияси раҳбарининг қўшимча қилишича, Россия билан мумкин бўлган янги музокаралар “яқин вақт ичида эълон қилинади”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия томони “1000 га 1000” тартибда ҳарбий асирларни алмаштириш бўйича рўйхатларни Украинага, Украина ҳам ўз навбатида рўйхатни Россияга топширгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина 1000 га 1000

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг