Россия ва Украина асирлар рўйхатини алмашди

Олам

image

Россия томони “1000 га 1000” тартибда ҳарбий асирларни алмаштириш бўйича рўйхатларни Украинага топширди. Бу ҳақда кеча, 22 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Зеленскийга кўра, айни дамда асирлар ҳақида тафсилотлар тўпланмоқда.

“Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров жараённинг ташкил этилиши ва келишувнинг бажарилишини назорат қилмоқда. Украина Олий радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари ва идора жамоаси иштирок этмоқда. Биз Россия томонидан рўйхатга киритилган ҳар бир шахс бўйича тафсилотларни аниқлаяпмиз”, дея ёзган Украина етакчиси.

Шу билан бирга, Москва Киевга алмашинув рўйхатини топширганини Россия Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлаган.

“Биз ҳақиқатан ҳам ўз рўйхатимизни топширдик”, деган Песков.

Кейинроқ Украина ҳарбий асирлар бўйича мувофиқлаштирувчи штаб раҳбари ўринбосари Андрей Юсов Киев ҳам ўз рўйхатини ҳозирлаб, Россия томонига топширганини айтган. Киевнинг ушбу ҳаракатини Москва тасдиқлаган. Умумий олганда, икки томон ҳам бир-бирига рўйхатларни тақдим этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги музокараларда Украина ва Россия делегациялари “яқин кунларда” “1000 га 1000” форматида маҳбуслар алмашинувини амалга оширишга келишиб олганди. Украина делегацияси раҳбари Умаровнинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри музокаралар чоғида Президентлар Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви ҳам муҳокама қилинган. Украина делегацияси раҳбарининг қўшимча қилишича, Россия билан мумкин бўлган янги музокаралар “яқин вақт ичида эълон қилинади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг