Россия ва Украина Истанбулда нималарга келишиб олди?
Олам
−
16 Май
17985Бугун, 16 май куни Истанбулдаги музокараларда Украина ва Россия делегациялари “яқин кунларда” “1000 га 1000” форматида маҳбуслар алмашинувини амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Россия ва Украина делегациялари раҳбарлари, Россия Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский ва Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров маълум қилди.
Умаровнинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри музокаралар чоғида Президентлар Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви ҳам муҳокама қилинган. Украина делегацияси раҳбарининг қўшимча қилишича, Россия билан мумкин бўлган янги музокаралар “яқин вақт ичида эълон қилинади”.
Мединский эса журналистларга Россия томони “учрашув натижаларидан умуман қониқиш ҳосил қилгани” ва “алоқаларни давом эттиришга тайёрлигини” айтди.
Россия Президенти ёрдамчисининг сўзларига кўра, Украина томонининг Путин ва Зеленский ўртасида тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш ҳақидаги илтимоси “инобатга олинган”. Мединский, шунингдек, томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича батафсил режаларни алмашгандан сўнг музокараларни давом эттиришга келишиб олганини айтди.
“The Economist” мухбири Оливер Кероллнинг хабар беришича, Россия Украина қўшинларини Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб чиқиб кетишни талаб қилган, шунингдек, Украинанинг Харьков ва Суми вилоятларини ҳам босиб олиш билан таҳдид қилган.
Кероллнинг манбасига кўра, Мединский музокараларда Украина делегациясига қуйидагича савол берган:
“Биз урушни хоҳламаймиз, лекин яна бир йил, икки, уч йил — қанча керак бўлса, шунча урушишга тайёрмиз. Биз Швеция билан 21 йил урушдик. Сиз қанча вақт жанг қилишга тайёрсиз?”
Россия ва Украина ўртасида 2022 йилдан буён биринчи тўғридан тўғри музокаралар тахминан бир ярим соат давом этди. Дастлаб учрашув шу куни давом этиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бироқ ахборот агентликлари шундан сўнг музокаралар “тўхтатилгани” ҳақида хабар берди ва делегациялар раҳбарлари матбуотга баёнот беришди.
Украина делегацияси: Россия нореал талаблар қўймоқда
Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар 16 май куни тушдан кейин Истанбулдаги Долмабахче президентлик саройида бошланди. Музокара бошланишидан олдин Умаров Россия 30 кунлик оташкесимга рози бўлса, ўғирлаб кетилган украиналик болаларни қайтарса ва ҳарбий асирларни алмаштирса, тинчлик ўрнатилиши мумкинлигини айтди.
Мединскийнинг таъкидлашича, Россия томони Истанбулдаги музокараларни “2022 йилда тўхтатилган тинчлик жараёнининг давоми” деб билади. Унинг сўзларига кўра, Россия делегацияси “конструктив ёндашиш, мумкин бўлган ечимлар ва алоқа нуқталарини топишга қаратилган”.
Бироқ Истанбулдаги музокаралардан сўнг, Украина музокаралари доираларидан Россиянинг музокаралардаги талаблари ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва илгари муҳокама қилинган барча нарсалардан сезиларли даражада ошиб кетгани ҳақида маълумот олинди. Украина делегациясига яқин бўлган инсайдернинг сўзларига кўра, Москва талаблари “Украина ўт очишни тўхтатишга эришиш учун ўз ҳудудидан чиқиб кетиши кераклиги ҳақидаги ултиматумларни ҳамда бошқа қабул қилиб бўлмайдиган ва конструктив бўлмаган шартларни ўз ичига олади”.
Зеленский Туркияда Путин билан учрашишга тайёр
Путин Украинага ушбу санадан беш кун олдин 15 май куни Истанбулда тўғридан тўғри музокаралар ўтказишни таклиф қилган. Зеленский ўз розилигини билдирди, бироқ Туркияда фақат шахсан Россия раҳбари билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. АҚШ Президенти Дональд Трамп 14 май куни унинг Истанбулдаги музокараларда иштирок этиши мумкинлигини маълум қилди.
Охир-оқибат Россия Президенти Мединский бошчилигидаги делегацияни Истанбулга жўнатиб, ўзи келмади. Зеленский ҳам Умаровни Украина делегацияси раҳбари этиб тайинлади. Трамп ҳам музокараларда иштирок этишдан бош тортди, бироқ Путин билан “музокаралар келишилиши биланоқ” учрашишга тайёрлигини айтди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Трамп ва Путиннинг учрашувигина келишувда силжишга олиб келиши мумкин, деган фикрни билдирди.
LiveБарчаси