Сейсмологлар Осиёда кучли зилзилалар бўлишидан огоҳлантирди
Бу қизиқ
−
07 Апрель
18801Хитойлик сейсмологлар гуруҳи Хитой ва унга туташ ҳудудларда кучли зилзилалар эҳтимоли юқори экани ҳақида огоҳлантирди. Ушбу зилзилаларнинг магнитудаси 8 га етиши мумкин. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, тадқиқотлар Хитой ва қўшни минтақаларда 8 магнитудали зилзилалар хавфи ортганини кўрсатмоқда.
“Дунё Мьянмадаги зилзила оқибатларидан ҳали ўзига келмай туриб, сейсмологлар янги фалокатлар хавфи борасида огоҳлантирмоқда. 28 март куни Мьянмада юз бериб, минглаб кишилар ҳаётига зомин бўлган ва биноларни вайрон қилган 7,9 магнитудали зилзила арафасида Хитойлик сейсмологлар ушбу минтақада бундай офатлар хавфи ортганини кўрсатган тадқиқот эълон қилган эди”, деб ёзади нашр.
Сейсмологлар 28 мартдаги зилзила бу минтақадаги сўнгги фалокат бўлмаслиги мумкинлигини айтмоқда. Уларнинг тадқиқотига кўра, ҳозирда Хитой ва унга қўшни ҳудудларда ҳалокатли зилзилалар юз бериши хавфи анча юқори.
Қайд этилишича, сейсмологлар 1879 йилдан то ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраб олган сейсмик маълумотларни таҳлил қилган ва Хитой ҳамда унга ёндош минтақаларда зилзила эҳтимоли юқори бўлган олти асосий даврни аниқлаган.
Мутахассислар ҳар бир бундай давр Ернинг айланиш тезлигидаги ўзгаришлар яъни сутка давомийлигидаги силжишлар ва у билан боғлиқ тектоник кучланишларнинг қайта тақсимланиши билан боғлиқ бўлганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, минтақа айни дамда янги сейсмик фаоллик даврининг бошланиш босқичига кираётган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония ҳукумати Тинч океани тубидан ўтувчи, Сидзуока префектурасидан Cикоку ва Кюсю оролларигача чўзилган Нанкай ёриғида юз берадиган кучли зилзила оқибатидаги зарарнинг янгиланган баҳосини эълон қилганди. Энг ёмон сценарий бўйича қурбонлар сони 298 минг кишига етиши, мамлакат аҳолисининг 10 фоизгача бўлган қисми эвакуация қилинишга мажбур бўлиши, шунингдек, 115 минг гектар майдон сув остида қолиши мумкин.
LiveБарчаси