Японияда яқин орада мега зилзила содир бўлиши мумкин

Олам

image

Япония ҳукумати Тинч океани тубидан ўтувчи, Сидзуока префектурасидан Cикоку ва Кюсю оролларигача чўзилган Нанкай ёриғида юз берадиган кучли зилзила оқибатидаги зарарнинг янгиланган баҳосини эълон қилди. Энг ёмон сценарий бўйича қурбонлар сони 298 минг кишига етиши, мамлакат аҳолисининг 10 фоизгача бўлган қисми эвакуация қилинишга мажбур бўлиши, шунингдек, 115 минг гектар майдон сув остида қолиши мумкин. Бу ҳақда NHK World телеканали хабар берди.

Япониянинг зилзилаларни ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан жорий йил январь ойида эълон қилинган сўнгги баҳолаш натижаларига кўра, келгуси 30 йил ичида Нанкай ёриғида кучли зилзила юз бериш эҳтимоли тахминан 80 фоизни ташкил этади. Келгуси 10 йил ичида бундай зилзила юз бериш эҳтимоли тахминан 30 фоиз, 50 йил ичида эса 90 фоиз ёки ундан юқори деб баҳоланмоқда.

Ҳозиргача энг ёмон сценарий бўйича қурбонлар сони 320 мингдан ошиши, жабрланганлар эса 620 мингдан ортиқ бўлиши тахмин қилинган эди. Ушбу прогноз 10 йил олдин тузилган бўлиб, кейинчалик ҳудудларнинг топографияси бўйича аниқроқ маълумотларга асосланган янги ҳисоблаш усуллари жорий этилди.

Энди энг ёмон сценарий бўйича 298 минг киши ҳалок бўлиши мумкин, бу олдинги кўрсаткичлардан тахминан 8 фоиз кам, чунки илгари 323 минг киши ҳалок бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.

Энг катта зарар зилзила қиш фаслида, туннинг чуқур пайтида юз берса кузатилиши мумкин. Қурбонларнинг асосий қисми зилзила келтириб чиқарадиган цунами оқибатида вафот этади. Энг ёмон сценарийда цунами оқибатида 215 минг киши ҳалок бўлиши кутилмоқда. Яна 73 минг киши бино қулашидан, 9 минг киши эса зилзила ортидан чиққан ёнғинлар оқибатида вафот этиши мумкин.

Бундан ташқари, эвакуация қилиниши керак бўлган одамлар сони ҳам оширилган. 2012 йилги прогноз бўйича бу кўрсаткич 9,5 миллион киши деб баҳоланган бўлса, сўнгги баҳолашда бу рақам 12,3 миллион кишига етказилган, яъни Япония аҳолисининг 10 фоизини ташкил этади.

Япониянинг 47 та префектурасидан 31 тасидаги 764 та маъмурий ҳудудда 7 баллик зилзила шкаласи бўйича 6 балли силкинишлар сезилади. 25 та префектурада цунами баландлиги 3 метрдан ошиши, 13 та префектурада эса 10 метрдан юқори бўлиши кутилмоқда. Коти ва Сидзуока префектураларида цунами баландлиги 30 метрдан ошиши мумкин.

Зилзила оқибатида 30 сантиметр ва ундан ортиқ сув остида қоладиган майдон ҳажми аввалги прогнозларга нисбатан 30 фоизга оширилган ва 115 минг гектардан ортиқ майдонни ташкил этади. 2,35 миллионта бино зилзила, цунами ва ёнғинлар оқибатида бутунлай вайрон бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, табиий офатнинг узоқ муддатли оқибатлари туфайли юз берадиган қўшимча ўлим ҳолатлари илк бор баҳоланди. Бунга эвакуация марказларида яшаш шароитининг ёмонлашиши ҳам киради. Энг ёмон сценарийда, бу омиллар туфайли 26 мингдан 52 минггача одам вафот этиши мумкин, бу эса 2011 йил шимолий-шарқий Япониядаги зилзиладан кейин қайд этилган кўрсаткичдан 10 баравар кўп.

Хавф остида бўлиши мумкин бўлган гуруҳлар:

  • 265 минггача одам – махсус парваришга муҳтож шахслар;
  • 80 минггача ҳомиладор аёллар;
  • 53 минггача оғир касалликларга чалинган беморлар.

Нанкай ёриғида юз берадиган кучли зилзиланинг иқтисодий зарари 270 триллион   йен (1,8 триллион АҚШ доллари) деб баҳоланмоқда.

Сўнгги йилларда сейсмологлар Нанкай ёриғида яқин келажакда мега зилзила юз бериши мумкинлигидан тобора кўпроқ хавотир билдирмоқда. Ушбу ёриқда кучли зилзилалар ҳар 100-150 йилда бир марта содир бўлади. Энг кучли силкинишлар Хонсю оролининг жанубий қирғоқлари бўйлаб, шунингдек, Сикоку оролида ва Кюсюнинг шарқий қирғоқларида сезилиши кутилмоқда.

Ушбу ҳудудда охирги йирик зилзила 1946 йил 21 декабрь куни содир бўлган. Унинг магнитудаси 8,1 бўлиб, Хонсю оролининг шимолий ҳудудларидан Кюсюгача бўлган катта майдонда сезилган. Эпицентр Вакаяма префектурасининг жанубида жойлашган.

Ушбу зилзила оқибатида турли ҳисоб-китобларга кўра камида 1,3 минг киши ҳалок бўлган, 2,6 минг киши жароҳат олган, 113 киши бедарак йўқолган 36 мингдан ортиқ уй бутунлай ёки қисман вайрон бўлган.

Бундан ташқари, ушбу йирик зилзила баландлиги 6 метргача етган цунами ҳосил қилган. Цунами яна 1,5 мингга яқин уйларни вайрон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг етакчи сейсмологи Нажи Гўрюр Мармар денгизи ҳудудида бўлиши мумкин бўлган зилзила оқибатида қарийб 4 миллион кишининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини айтган эди. Сейсмологларнинг баҳолашича, магнитудаси 7 ёки ундан юқори бўлган зилзилада тахминан 90 минг бино вайрон бўлади, 260 минг бино шикастланиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келади. 4,5 миллион одам вақтинчалик бошпанага муҳтож бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония зилзила Нанкай ёриғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг