Япония Тайвань яқинига ракеталар жойлаштириш режасидан воз кечмаслиги айтилди
Олам
−
24 Ноябрь 3519 2 дақиқа
Япония ҳукумати Тайвандан тахминан 110 километр узоқликда жойлашган Йонагуни оролидаги Ўзини ўзи ҳимоя қилиш кучлари гарнизонига ўрта масофали ракеталарни жойлаштириш режасидан воз кечмаяпти. Бу ҳақда Мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми ҳарбий объектга ташриф буюрганидан кейин журналистлар билан суҳбат чоғида маълум қилди.
“Ракеталарни жойлаштириш минтақада кескинликни кучайтиради, деган даъволар асоссиз”, дейди у.
У журналистларнинг Япониянинг “Тайвань яқинидаги ҳарбий инқироз”га қандай муносабатда бўлиши ҳақидаги қўшимча саволларига жавоб беришдан бош тортган – Бош вазир Санаэ Такаитининг бу мавзу бўйича изоҳлари аллақачон Токио ва Пекин ўртасида кескинликни келтириб чиқарган. Йонагунидаги Япония ўзини ўзи ҳимоя қилиш кучлари гарнизони 2016 йилда ташкил этилган. У ерга “Тип-03” ўрта масофали зенит ракеталарини жойлаштириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Япония ва Хитой ўртасидаги кескинлик Санаэ Такаити жорий йилнинг 7 ноябрь куни парламент муҳокамаси пайтида Тайвань яқинидаги мумкин бўлган ҳарбий инқироз “мавжудлик таҳдиди”ни келтириб чиқариши ва Японияни “коллектив ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан” фойдаланишга мажбур қилиши мумкинлигини айтганидан кейин кучайди. Бу Пекинда кучли норозиликни келтириб чиқарди ва Токиога жиддий огоҳлантириш берди. Осакадаги Хитой бош консули Сюэ Цзянь ўзининг ижтимоий тармоқдаги Х (собиқ Twitter) аккаунтида Япония Бош вазирининг “бошини кесиб ташлаш” билан таҳдид қилди, аммо кейинчалик пост ўчирилди. Бироздан кейин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларини Японияга саёҳат қилишдан огоҳлантирди.
Тайвань 1949 йилдан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади, ўшанда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан партиясининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учраганидан кейин оролга қочиб кетишган. Ўшандан бери Тайпей коммунистлар ҳокимият тепасига келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикасининг байроғи ва бошқа баъзи атрибутларини сақлаб қолди. Пекиннинг расмий позициясига кўра, у Хитойнинг ҳудуди ва кўплаб мамлакатлар буни тан олади.