Курс UZS

USD

12 938.11

18.11

EUR

14 076.66

-25.52

RUB

149.99

0.47

Суриянинг муваққат конституцияси қабул қилинди

Олам

image

Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара беш йиллик ўтиш даври учун мўлжалланган вақтинчалик конституциявий декларацияни имзолади. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Аҳмад аш-Шара ҳужжатни имзолаш асносида ушбу декларация “Сурия тарихининг янги босқичини бошлаб бериши”га умид билдирган. Декларацияда аввалги Сурия конституциясининг айрим моддаларини сақлаб қолиш назарда тутилган. Жумладан, мамлакат президенти мусулмон бўлиши шартлиги ва ислом ҳуқуқи республикадаги қонунчиликнинг асосий манбаи экани қайд этилган.

BBC хабарига кўра, ҳужжатда ҳокимият тармоқларининг ажратилиши ва суд тизимининг мустақиллиги мустаҳкамланган. Шунингдек, аёллар ҳуқуқлари, фикр билдириш эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги кафолатланади. Декларацияда Башар Асад режими даврида содир этилган жиноятлар учун суд жавобгарлигига тортиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Муваққат конституциявий декларация Сурия Халқ кенгашига (парламентга) президентни лавозимидан четлатиш ёки унинг ваколатларини чеклаш ҳуқуқини беради. Бироқ “Al Jazeera”га кўра, бундай чора амалиётда қийин бўлиши мумкин, чунки парламентнинг учдан бир қисмини президентнинг ўзи тайинлайди, қолганлари эса унинг танлаган қўмитаси томонидан шакллантирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги Сурия муваққат ҳукумати “Сурия демократик кучлари” (SDF) билан келишувга эришилганини эълон қилган эди. Ушбу келишув доирасида Курд автоном маъмуриятининг фуқаролик ва ҳарбий институтлари Сурия ҳукумати таркибига қўшилади. Шартномада Сурия шимоли-шарқидаги муайян объектлар, жумладан, чегара постлари, аэропорт ҳамда нефть ва газ конлари кўрсатиб ўтилган. Ушбу келишув 2025 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия конституция Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг