Латакия ва Тартусдаги вазият барқарорлашди – Дамашқ
Олам
−
10 Март 4320 2 дақиқа
Ўтган ҳафтадан бери хавфсизлик кучлари ва алавий жангари гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлаётган Суриянинг Латакия ва Тартус вилоятларидаги вазият барқарорлашди. Бу ҳақда Сурия Мудофаа вазирлиги вакили Ҳасан Абдул Ғанига таяниб, SANA хабар берди.
Мудофаа вазирлиги вакили ҳукумат кучлари ҳарбий операцияни якунлаб, “олдинги тузум қолдиқ гуруҳларини йўқ қилишга муваффақ бўлди”, дея баёнот берди.
“Биз илгари белгиланган мақсадларга эришиш учун бошланган ҳарбий операция якунланганини эълон қиламиз. Давлат муассасалари ўз фаолиятини қайта тиклади ва халқимизга зарур хизматларни тақдим этиб, ҳаётни нормал изга қайтариш ва хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш бўйича ишлашни давом эттирмоқда”, деди Ҳасан Абдул Ғани ўз мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат кучлари Башар Асад тарафдорларининг таҳдидини бартараф этиш учун режа ишлаб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Суриянинг қирғоқбўйи ҳудудларида ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асадга мансуб алавийлар қўзғолони бошланганди. Бу исён хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувга айланди. Ҳукумат кучларига қарши курашаётганлар орасида шимолда яшовчи курдлар ва жанубий ҳудудлардаги друзлар ҳам бўлган.
Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув маркази маълумотларига кўра, ушбу тўқнашувлар оқибатида 1 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Юзлаб тинч аҳоли вакиллари эса Россиянинг Хмеймим ҳарбий базасига бошпана излаб келган.
Live
Барчаси