Аш-Шара Суриядаги тўқнашувларни “кутилган муаммо” деб атади
Олам
−
09 Март 7928 2 дақиқа
Суриянинг Латакия вилоятида юз берган инқироз “муваффақиятли енгиб ўтилди”. Бу ҳақда Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан машҳур) баёнот берди.
Аш-Шара мамлакатдаги сўнгги воқеаларни “кутилган муаммо” деб атади. У “Сурия халқи ўртасида бирдамлик ва фуқаролар тинчлигини сақлаш” зарурлигини таъкидлади.
Суриянинг расмий SANA ахборот агентлиги хабарига кўра, аввалроқ Башар Асаднинг ҳокимиятдан ағдарилган режими тарафдорлари SADCOP нефть компаниясининг Латакиядаги объектига ҳужум қилган. Сурия хавфсизлик кучларига кўра, ҳужум қайтарилган.
6 март куни Латакиянинг Жаблеҳ ҳудудида режим тарафдорлари томонидан уюштирилган ҳужумда Сурия хавфсизлик кучларининг камида 11 нафар ходими ҳалок бўлди. Бунинг ортидан расмийлар Латакия ва Тартус вилоятларига юзлаб ҳарбий техника, жумладан, танклар, бронетранспортёрлар ва бир нечта ракета тизимларини юборди. Минтақада ағдарилган режим тарафдорларини қўлга олиш учун операция бошланган. Операция давомида камида 50 нафар хавфсизлик кучлари ҳалок бўлган.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қуролли гуруҳлар томонидан минтақада тинч аҳолига кўплаб ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабарлар ва кадрлар пайдо бўлди.
Сурия ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара Латакия вилоятида армия ва ҳокимиятдан ағдарилган Асад режими тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар фонида “миллий бирлик ва бирдамлик”ни таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатда ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асад режимининг қолган тарафдорлари “ўзлари билмаган янги Сурияни синаб кўришга ҳаракат қилишган”.
“Бугун улар Сурияни яна тан олишади, унинг шарқдан ғарбга, шимолдан жанубгача бирлашган ва яхлит эканлигини кўрмоқда”, деди Аш-Шара.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурияда янги ҳокимият хавфсизлик кучлари ва собиқ президент Башар Асад тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони минг кишидан ошгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси