Суриянинг янги ҳукумати SDF билан тарихий келишувга эришди

Олам

image

Сурия ўтиш даври ҳукумати мамлакатдаги курдлар билан келишувга эришди, бу эса Курд автоном маъмуриятининг янги Сурия ҳукумат таркибига интеграциясини назарда тутади. Бу ҳақда “North Press Syria” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, кеча, 10 март куни янги Сурия муваққат ҳукумати “Сурия демократик кучлари” (SDF) билан келишувга эришилганини эълон қилган. Ушбу келишув доирасида Курд автоном маъмуриятининг фуқаролик ва ҳарбий институтлари Сурия ҳукумати таркибига қўшилади.

Шартномада Сурия шимоли-шарқидаги муайян объектлар, жумладан, чегара постлари, аэропорт ҳамда нефть ва газ конлари кўрсатиб ўтилган. Ушбу келишув 2025 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган.

Нашрнинг ёзишича, Асад режими ағдарилгач, янги Сурия ҳукумати Аҳмад аш-Шара бошчилигида мамлакатда фаолият юритаётган қуролли гуруҳларни тарқатиб юборишга ва бутун ҳудуд устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, SDF билан битим имзоланиши ғарбий Суриянинг қирғоқбўйи минтақаларида – асосан алавий озчилиги яшовчи ҳудудларда жанговар ҳаракатлар ва оммавий судсиз қатл этиш ҳолатлари кузатилган бир пайтга тўғри келган. Маълумки, алавийлар Башар Асад мансуб бўлган диний жамоа ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Суриянинг қирғоқбўйи ҳудудларида ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асадга мансуб алавийлар қўзғолони бошланганди. Бу исён хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувга айланди. Ҳукумат кучларига қарши курашаётганлар орасида шимолда яшовчи курдлар ва жанубий ҳудудлардаги друзлар ҳам бўлган.

Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув маркази маълумотларига кўра, ушбу тўқнашувлар оқибатида 1 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Юзлаб тинч аҳоли вакиллари эса Россиянинг Хмеймим ҳарбий базасига бошпана излаб келган.

Кеча, 10 март куни Сурия Мудофаа вазирлиги вакили Ҳасан Абдул Ғани  тўқнашувлар содир бўлаётган Суриянинг Латакия ва Тартус вилоятларидаги вазият барқарорлашганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия курдлар Сурия демократик кучлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг