USAID “Толибон” даврида ҳам Қўштепа канали қурилишини яширинча молиялаштирган – ОАВ
Олам
−
15 Март
5699Афғонистондаги Қўштепа сув иншооти қурилиши лойиҳаси АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидан яширин молиявий ёрдам олган ва ёрдам “Толибон” даврида ҳам давом этган. USAID ёрдамининг тўхтатилиши қурилишнинг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда вазиятдан хабардан шахси очиқланмаган манбасига таяниб, “Известия” хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳа қиймати 700 миллион долларни ташкил этади ва каналнинг 80 фоизи қуриб битказилган. Қурилиш жиддий экологик ва геосиёсий муаммоларни келтириб чиқаради.
“Бу назоратсиз амалга оширилмоқда, сув канали ибтидоий тарзда қазилмоқда, бу суғориш тизимининг бузилиши ва кейинги экологик оқибатларга олиб келиши мумкин. Марказий Осиё учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Амударёдан сув оқимининг буриши Туркманистон ва Ўзбекистонда сув инқирозига олиб келади. USAID'нинг ушбу лойиҳани молиялаштириши Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш ва Қобул устидан таъсир ўтказиш учун мўлжалланган бўлиши мумкин ”, деб ёзади “Известия”.
Афғонистонда сув иншоотини ким ва нима учун қурмоқда?
Манбага кўра, Афғонистонда Қўштепа сув каналининг қурилиши нафақат инфратузилмавий, балки геосиёсий муаммога айланган. Минтақанинг сув ресурсларини қайта тақсимлаши мумкин бўлган лойиҳа Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон манфаатларига таҳдид солади. Қизиғи шундаки, унинг 700 миллион долларлик маблағи Трамп маъмурияти томонидан музлатиб қўйилган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидан (USAID) келган.
USAID бу лойиҳани Афғонистоннинг аввалги ҳукумати даврида молиялашни бошлаган, бироқ ҳукумат ўзгарди, “Толибон” келди ва америкаликлар “Толибон”га нисбатан бутунлай бошқача муносабатда. Бироқ шунга қарамай, молиялаштириш давом этди. “Известия”нинг манбаси ҳомийлик турли манбалар остида яширинганини таъкидлаган.
Афғонистон шимолидаги чўл ҳудудларини Амударё сувлари билан суғориш ғояси 50 йилдан кўпроқ вақт олдин мамлакатнинг биринчи президенти Муҳаммад Довуд Хон даврида пайдо бўлган. Бироқ бу режалар 1979 йилги инқилоб ва ундан кейинги фуқаролар уруши туфайли барбод бўлди. Лойиҳа 2018 йилда собиқ президент Ашраф Ғани даврида қайта очилган. Лойиҳага кўра, сув каналининг узунлиги 285 километр, кенглиги 100 метрни ташкил қилади. Лойиҳачиларнинг фикрича, канал Балх, Жузжон ва Фарёб вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш имконини беради.
Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси вакилларининг сўзларига кўра, мамлакат шимолидаги Қўштепа сув канали қурилишининг иккинчи босқичи аллақачон 81 фоизга, тўғон қурилиши эса 67 фоизга бажарилган. Ишларнинг иккинчи босқичи 2024 йилда бошланган ва 2025 йилнинг мартида якунланиши режалаштирилган эди, бироқ молиялаштиришнинг тўхтатилиши лойиҳанинг кейинги амалга оширилишига таъсир қилиши мумкин.
Қўштепа қурилишининг экологик оқибатлари
Амударё Марказий Осиёнинг асосий дарёларидан бири бўлиб, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистонни сув билан таъминлайди. Бироқ сўнгги ўн йилликларда унинг сув сатҳи кескин пасайиб кетди. ХХ асрда дарё Орол денгизига қуйилган бўлса, бугунги кунда деярли бир томчи сув ҳам у ерга етиб бормайди.
Қўштепа канали лойиҳаси аллақачон халқаро баҳсларга сабаб бўлган. Асосий муаммо – Марказий Осиё учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган Амударёдан сув олиш. Гап шундаки, дарёнинг қуйи оқимида Туркманистон ва Ўзбекистон мавжуд бўлиб, улар аллақачон сув ресурслари билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Канал қўшни давлатлардан йилига 10 км куб сув олиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, кам сувли йилларда оқимнинг умумий ҳажми 40 км кубни ташкил қилади, яъни дарёнинг чорак қисмига саёз бўлиб, бу экологик вазиятнинг ёмонлашишига, сув омборларининг қуришига ва қурғоқчиликнинг кучайишига олиб келади.
Қўштепа қурилиши сув тақсимоти мувозанатини бузади. Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси маълумотларига кўра, янги канал ҳисобига Амударёнинг қуйи оқимидаги кўллар зарур сув оқимининг атиги 30 фоизини олади. Бу чўлланиш жараёнининг тезлашиши ва қурғоқчиликнинг ёмонлашишини англатади.
“Америка солиқ тўловчиларининг пуллари беҳуда кетмоқда, чунки лойиҳа жуда зиддиятли, жирканч ва минтақадаги қўшнилар билан келишилмаган. Марказий Осиё давлатлари, айниқса дарёнинг қуйи оқими Ўзбекистон, Туркманистон катта зарар кўради”, дейди нашр манбаси.
Бундан ташқари, техник муаммолар юзага келиши эҳтимоли юқори. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар қурилиш ишлари шошилинч ва тегишли назоратсиз олиб борилаётганини кўрсатади. Канал қирғоқларини мустаҳкамламасдан, ибтидоий усулда қазилган, бу эса қумли тупроқларга оқиб тушиши оқибатида сув йўқотиш хавфини оширади. Бу суғориш тизимининг бузилиши ва кейинги экологик оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Қурилиш сифати, табиийки, шубҳали, чунки у асосан Афғонистон ҳукуматида замонавий технологиялар ва катта миқдорда капитал йўқлиги сабабли ўтган асрдаги технологиялардан фойдаланган ҳолда қазилган. Сув сизиб чиқиши ҳам бўлган. Шунга ўхшаш нарса сунъий йўлдош тасвирларида қайд этилган”, дейди сиёсатшунос ва Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендкович.
Унинг сўзларига кўра, бу чегара дарёси оқимининг камайишига олиб келади ва бу Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қуйи оқимдаги сув таъминотига салбий таъсир кўрсатади.
USAID нега канал қурилишини молиялаштирган?
Таъкидланишича, Қўштепани USAID орқали молиялаштиришни давом эттириш қарори Вашингтоннинг икки томонлама ўйинидан далолатдир.
“Лойиҳа атайлаб қайтариб олинмаган. Гап шундаки, америкаликлар таъсир дастагига эга бўлишни хоҳлашади, улар қандайдир тарзда шантаж қилишади, қандайдир йўл билан, аксинча, тишламоқчи бўлишади”, дейди нашрнинг аноним манбаси.
Қайд этилишича, агар Қўштепа ҳақиқатан ҳам геосиёсий босим воситаси сифатида кўрилган деб ҳисобланса, АҚШ ундан бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатларга таъсир ўтказиш дастаги сифатида фойдаланиши мумкин. Бир томондан, лойиҳа “Толибон”нинг ташқи молиявий оқимларга қарамлигини ошириб, Вашингтонга Қобул устидан яширин назоратни сақлаб қолиш имконини беради. Бошқа томондан, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда сув ресурсларининг қисқариши минтақадаги барқарорликни бузиш учун ишлатилиши мумкин бўлган кескинлик нуқталарини юзага келтириши мумкин.
“Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистоннинг ўзида USAID постсовет Марказий Осиёда сув танқислигини кучайтириш ва минтақани беқарорлаштириш мақсадида лойиҳани қўллаб-қувватлашда давом этган деган фикр бор”, деди сиёсатшунос Никита Мендкович.
Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими Омар Нессарнинг айтишича, Қўштепа қурилиши сув танқислигини янада кучайтириши ва мамлакатлар ўртасида кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлган хавф омилига айланиши мумкин. Бироқ, экспертнинг фикрича, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга интилаётган Афғонистоннинг ўзи манфаатларини ҳисобга олиш зарур.
“Шу боис, муаммони ҳал қилишнинг асосий элементи сув ресурсларини тақсимлашнинг ўзаро мақбул механизмларини топиш учун минтақа давлатлари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш бўлиши керак”, дея хулоса қилди Умар Нессар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил май ойида Афғонистондаги Россия бизнес маркази раҳбари Рустам Хабибуллин Россия компаниялари Қўштепа канали қурилишига катта қизиқиш билдираётганини айтганди.
“Россия Афғонистонда иш ўринлари яратиш ва маҳаллий лойиҳаларга сармоя киритиш ниятида. Булар ўша заводлар, фабрикалар, қишлоқ хўжалиги, жумладан, Қўштепа сув каналининг қурилиши катта қизиқиш уйғотмоқда. Қатор корхоналаримиз ушбу канал ёнидан қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер участкаларини узоқ муддатга ижарага беришни йўлга қўймоқда”, деганди Хабибуллин.
LiveБарчаси
Тренддагилар


