Лазиз Қудратов Термизда “Толибон” вазири билан учрашди
Жамият
−
03 Март
5537Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Сурхондарё вилоятидаги “Термиз” халқаро савдо марказига ташриф буюрган Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг савдо вазири Нуруддин Азизий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ўртадаги музокаралар чоғида икки томонлама Ўзбекистон-Афғонистон савдо-иқтисодий муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган. Суҳбат давомида ўзаро савдо ҳажмини 3 млрд долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Шунингдек, савдо билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилган.
“Ташриф доирасида ҳар икки томондан 60 га яқин тадбиркорлар иштирокида Б2Б музокаралари ташкил этилиб, унда ишбилармон доиралар вакиллари янги алоқаларни ўрнатиш, янги қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 22 февраль куни Афғонистон Марказий банкининг (Da Afghanistan Bank) президенти Нур Аҳмад Оға Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Марказий банкининг раиси Тимур Ишметов билан учрашганди.
LiveБарчаси