Контрактда ўқиётган талабаларни давлат грантига ўтказиш тартиби белгиланди
Жамият
−
14 Март
28796Энди GPA кўрсаткичи 3,5 дан юқори талабалар давлат грантига талабгор бўлиши мумкин. Бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомда сўз боради.
Низомга кўра, таълим грантига талабгорлардан жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади. Ўзлаштириши ушбу кўрсаткичдан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди ва таълим гранти ўрни вакант қолади.
Қолаверса, таълим грантига талабгорлар учун олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш ва эришган ютуқларини асословчи ҳужжатларни юклаш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади, бунда GPA кўрсаткичини 16 сонига кўпайтириш орқали аниқланади.
“Таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи 20 баллик мезонда баҳоланади, бунда баҳолаш мезонига асосан ҳисобланган натижани 5 сонига бўлиш орқали аниқланади”, дейилади низомда.
Қайд этилишича, белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади. Агар ўзлаштириш кўрсаткичида ҳам бир хил натижа аниқланган ҳолатда мазкур талабгорлар учун ўзлаштирилган семестрларда ўтилган мутахассислик фанларидан тест синовлари ўтказилади.
Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарорига асосан таълим грантини олувчи талабалар рўйхати ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланиши ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, грантга кирган талаба яхши ўқимаса, кейинги йил контрактга тушиши мумкин. Ёки аксинча, контрактга кирган талаба яхши ўқиса, кейинги йили грантга ўтиши мумкин.
LiveБарчаси