Яхши баҳога ўқийдиган талабаларга қўшимча грант ажратилади
Жамият
−
16 Март
3726Давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириб, муайян ўқув йили бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, ижтимоий тоифадаги талабаларга 2025-2026-ўқув йили учун қўшимча давлат гранти тақдим этилади. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори жорий йилнинг 10 март куни қабул қилинди.
Маълум қилинишича, бунда талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.
Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари ҳар йили 25 июлга қадар академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори эканлиги, ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан ҳақиқатда талабгорнинг белгиланган тоифадаги талаба эканлиги кўриб чиқилиб, баҳоланади.
Шунингдек, қўшимча давлат гранти тақдим этилган талабалар ҳар йили 5 сентябрга қадар олий таълим ташкилоти томонидан хабардор қилинади.
Қолаверса, бундай қўшимча давлат гранти бериладиган тоифалар рўйхати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ GPA кўрсаткичи 3,5 дан юқори талабалар давлат грантига талабгор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, грантга кирган талаба яхши ўқимаса, контрактга тушиши мумкин. Ёки аксинча, контрактга кирган талаба яхши ўқиса, грантга ўтиши мумкин.
LiveБарчаси