“Толибон” 500 талабага Россияга ўқишга боришни ман этди
Олам
−
26 Январь
5559Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати олий таълим вазирлиги 500 нафар талабага Россияга ўқишга боришни тақиқлади. Бу ҳақда “Hasht-e Subh” газетаси хабар берди.
“Сўнгги уч йил ичида “Толибон” нафақат афғон қизлари ва аёлларини ижтимоий, таълим ва академик ҳаётнинг барча жабҳаларидан маҳрум қилди, балки эркакларга нисбатан ҳам кўплаб чекловлар қўйди. Шунингдек, юзлаб талабаларнинг Россияга боришига тўсқинлик қилди”, дея ёзган нашр.
“Толибон” бу тақиқни талабаларнинг Россияга мусулмон бўлиб кетиб, коммунист бўлиб қайтмоқда, деган баҳона билан изоҳлаган.
Россия стипендияларига даъвогар бўлган талабалар 2023 йилда рўйхатдан ўтганини ва 2024 йилда имтиҳонларни муваффақиятли топширганидан сўнг барча маъмурий тартиб-қоидаларни бажарганини таъкидламоқда. Бироқ, ҳозирда “Толибон” уларга Россияга бориш учун рухсатнома олишга тўсқинлик қилмоқда. Уларнинг айтишича, қашшоқлик ва ишсизлик кенг тарқалган бўлишига қарамай, уларнинг ҳар бири сафар ҳужжатларини олиш ва тиббий кўрикдан ўтиш учун 100 доллардан 150 долларгача пул тўлаган.
Талабаларнинг сўзларига кўра, бир неча ой кутиш ва кўплаб учрашувлардан сўнг яқинда Россия элчиси ва Кобулдаги Россия фан ва маданият уйи раҳбари уларга муаммоларни келтириб чиқараётган Россия эмаслигини маълум қилган. Россия элчихонасига кўра, айнан “Толибон” олий таълим вазирлиги уларга ушбу стипендияларни олишига тўсқинлик қилмоқда ва вазирлик ҳеч бир талаба стипендия олиш ҳуқуқига эга бўлмаслигини буюрган.
Стипендия талабгорлари “Толибон”нинг бу ҳаракатлари ёшларнинг порлоқ келажак ва олий таълимга бўлган асосий ҳуқуқларини инкор этиш эканини таъкидламоқда.
Газетанинг ёзишича, талабалар Россия ҳукуматини уларнинг муаммосини ҳал қилиш учун “Толибон” билан ҳамкорлик қилишга чақирмоқда. Уларнинг айтишича, “Толибон” ўтмишда ҳам афғон талабаларининг Россияда таълим олишига тўсқинлик қилган, бироқ Россия талабаларга Эрон орқали ўқиш визаси олиш ва тегишли университетларга ўқишга киришда ёрдам берган.
“Талабалар, агар “Толибон” ҳали ҳам уларга сафар қилишларига рухсат бермаса, Россиянинг қўшни давлатлардаги элчихоналари талабаларнинг ўқиш визаларини олиши ва Россияда ўқишини давом эттириши учун ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидламоқда”, деб ёзади газета.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станикзай мамлакат олий раҳбариятини хотин-қизлар учун таълим тақиқини бекор қилишга чақиргани ҳақида хабар берилганди.