НАТОнинг Украинага қўшин киритишини қабул қилиб бўлмайди – Лавров
Олам
−
18 Февраль 9005 2 дақиқа
НАТОга аъзо давлатларнинг ҳарбий контингентларини Украинага жойлаштириш Москва учун қабул қилиб бўлмас ҳолат. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Россия-Америка музокараларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ташқи ишлар вазири АҚШнинг Европа Иттифоқига бир қатор саволлар, жумладан, Украинада уруш тугагандан сўнг тинчликпарвар кучларни жўнатиш эҳтимоли бўйича сўров йўллагани ҳақидаги хабарларга шу тариқа муносабат билдирган.
“Агар НАТО давлатлари қўшинлари Украинага Европа Иттифоқи ёки миллий байроқлар остида кирса ҳам, бу биз учун ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Биз, албатта, бунга рози бўлмаймиз”, дейди Лавров.
Лавровнинг таъкидлашича, Украинанинг НАТО таркибига киритилиши Россия суверенитетига бевосита таҳдид солади. У, шунингдек, ушбу позицияни Россия дипломати АҚШ делегациясига етказганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия собиқ мудофаа вазирлари Грант Шэппс ва Гэвин Уильямсон ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага “тинчликпарвар қўшинлари”ни юбориши кераклигини айтган эди. Шэппснинг сўзларига кўра, Британия “Путиннинг ноқонуний босқинига қарши” Украинани қўллаб-қувватлашда биринчи ўринда бўлган ва Лондон энди Киевга НАТОга аъзо бўлишида ёрдам бериши керак.
Кейинроқ, Польша Бош вазири Дональд Туск Варшава Украинага ўз ҳарбийларини тинчликпарвар миссия доирасида юбориш ниятида эмаслигини, бироқ бундай қарор қабул қиладиган давлатларга логистика ва сиёсий жиҳатдан ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Варшава тарихий сабабларга кўра бундай миссияда иштирок этишдан манфаатдор эмас – Иккинчи жаҳон урушидан олдин ҳозирги Ғарбий Украинанинг бир қисми Польшага тегишли бўлган. Шунингдек, Швеция Ташқи ишлар вазири Мария Мальмер Стенергард Стокгольм уруш тугаганидан сўнг Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш эҳтимолини кўриб чиқаётганини айтди. Бироқ бунга қадар Европа адолатли ва барқарор тинчликка эришиши керак.