Швеция Украинага қўшин юбориши мумкин
Олам
−
17 Февраль
3474Стокгольм уруш тугаганидан сўнг Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Бироқ бунга қадар Европа адолатли ва барқарор тинчликка эришиши керак. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Мария Мальмер Стенергард бугун, 17 февраль куни “Sveriges Radio” эфирида сўз очди.
“Швеция агрессив Россия уруши якунланганидан кейин Украинага тинчликпарвар аскарларни юбориш эҳтимолини истисно этмайди. Бироқ аввало, Европа “адолатли ва барқарор тинчлик”ни таъминлаш устида бош қотириши керак”, деди Швеция Ташқи ишлар вазири.
Мария Мальмерга кўра, авваламбор халқаро ҳуқуқни ҳурмат қиладиган, Украинани эътироф этадиган ҳамда Россия қўшинларини олиб чиқиб, кейин яна куч тўплаб, Украинага ёки бошқа давлатга бир неча йилдан сўнг яна ҳужум қила олмайдиган адолатли ва барқарор тинчликка келишиб олиш керак.
Айнан шундай тинчлик ўрнатилгандагина Швеция Украинага тинчликпарвар кучлар юбориш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, олдинроқ Буюк Британия собиқ мудофаа вазирлари Грант Шэппс ва Гэвин Уильямсон ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага “тинчликпарвар қўшинлари”ни юбориши кераклигини айтган эди. Шэппснинг сўзларига кўра, Британия “Путиннинг ноқонуний босқинига қарши” Украинани қўллаб-қувватлашда биринчи ўринда бўлган ва Лондон энди Киевга НАТОга аъзо бўлишида ёрдам бериши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Бош вазири Дональд Туск Варшава Украинага ўз ҳарбийларини тинчликпарвар миссия доирасида юбориш ниятида эмаслигини, бироқ бундай қарор қабул қиладиган давлатларга логистика ва сиёсий жиҳатдан ёрдам беришга тайёр эканини билдирган эди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Варшава тарихий сабабларга кўра бундай миссияда иштирок этишдан манфаатдор эмас – Иккинчи жаҳон урушидан олдин ҳозирги Ғарбий Украинанинг бир қисми Польшага тегишли бўлган.