АҚШ ЕИга Украина учун нима қила олиши бўйича сўров юборди
Олам
−
17 Февраль
3520Америка Қўшма Штатлари ўзининг Европадаги иттифоқчилари ҳукуматларига Ғарб давлатлари Украинага қандай қилиб биргаликда хавфсизлик кафолатларини бериши мумкинлиги ҳақидаги саволлар рўйхатини юборди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
“Вашингтон биз европалик ҳамкорларимиздан мустаҳкам хавфсизлик тизимини яратишда етакчи роль ўйнашини ва уларнинг таклифларини интиқлик билан кутаётганимизни аниқ айтди”, дейди АҚШ Давлат департаменти вакили.
“Reuters” АҚШ юборган ҳужжат билан танишган манбаларига таяниб хабар беришича, Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи давлатларидан Россия учун етарли даражада тўхтатувчи восита бўлиб хизмат қиладиган ва шу билан бирга, барқарор тинчлик келишуви билан можаронинг тугашини таъминлайдиган Европанинг ёрдами билан хавфсизлик кафолати ёки таъминоти деб ҳисобланиши мумкин бўлган нарсаларни шакллантиришни сўраган.
Шунингдек, Европа давлатлари Украинага тинчлик ўрнатиш доирасида ўз қўшинларини юборишга тайёрми, агар шундай бўлса, бундай кучлар сони қанча бўлиши керак, улар қандай, қаерда ва қанча муддатга жойлаштирилиши керак, деган савол ҳам сўралади.
Қўшма Штатлар, агар Россия бу кучларга ҳужум қилса, ўзи, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари қандай чоралар кўришга тайёр бўлиши кераклигини билмоқчи.
Европа давлатлари ушбу хавфсизлик механизмларида иштирок этишлари учун АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган қандай талаблар зарур деб ҳисоблаши, хусусан, АҚШдан қандай қисқа ва узоқ муддатли ресурслар талаб қилиниши ҳам сўралган.
АҚШ, шунингдек, Европа давлатлари Украинага музокаралар позициясини яхшилаш ва Россияга босимни кучайтириш учун қандай қўшимча имкониятлар, ускуналар ва техник хизмат кўрсатиш имкониятларини тақдим этишга тайёр эканини сўраган.
Европа давлатлари Россияга қарши санкцияларни кучайтириш, жумладан, санкцияларни янада қаттиқроқ қўллаш ва Россияга глобал миқёсда ёрдам бераётган учинчи давлатлар томонидан санкцияларни йўқ қилиш схемаларини янада самарали таъқиб қилиш учун яна нима қилишга тайёр экани билан қизиқишган.
Маълумот учун, 15 февраль куни Украина президенти Владимир Зеленский Европа армиясини яратишга чақириб, қитъа энди АҚШ ҳимоясига таянмаслиги ва фақат кучли армия билан Вашингтон ҳурматини қозонишини айтган.
Франция эса кеча, 16 февраль куни Украинадаги уруш ва Европа хавфсизлигини муҳокама қилиш учун бугун, 17 февраль куни Европа етакчилари саммитига мезбонлик қилишини маълум қилди.