Ўзбекистонда қизлар армияга бориши керакми? Ҳарбийлардан жавоб
Жамият
−
29 Декабрь 2024
66752024 йилги парламент сайловларида “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров қизларни ўз ҳохишига кўра ҳарбий хизматга жўнатиш таклифини илгари сурган эди.
“Ватанни ҳимоя қилишда эркак ё аёл деган тушунчанинг ўзи бўлмайди. Айниқса аёлларнинг садоқати ва журъати кўп жойларда наъмуна бўлиши керак. Бу бизнинг қадриятларимизга жуда ҳам уйғун”, деган эди Алишер Қодиров.
Унинг бу таклифи кенг жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, кимларнингдир қўллаб-қувватловига, кимларнингдир эътирозига сабаб бўлганди. Хўш, бу борада ҳарбийларнинг фикри қандай? 27 декабрь куни Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаментида бўлиб ўтган пресс-тур давомида QALAMPIR.UZ мудофаа тизими ходимларига айнан шу савол билан юзланди.
“Қизларимиз муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинмайди. Бу қонунчиликда белгиланган. Аммо шартнома асосида маълумотига қараб ишга олиниши мумкин. Менинг шахсий фикрим ҳам мана шу қонунчилик билан боғлиқ”, деди Польковник Отабек Йўлдошев.
Аммо бошқа бир ҳарбий, подполковник Аҳрор Очилов депутат Алишер Қодировнинг фикрини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Мен бу таклифни қўллаб-қувватлайман. Кўплаб хорижий давлатлар бу тажриба синаб кўрилди ва ўзининг ижобий натижасини берган. Умуман олганда ҳозирги замондан келиб чиқсак, қизларда ҳарбий соҳага қизиқиш катта. Уларнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда қизларга тўғри келадиган қайсидир соҳаларга хизматга олиш тарафдориман”, деди подполковник.
Шунингдек, кўплаб ҳарбийлар ўтмишда Тўмарис каби кўплаб ўзбек ҳарбий аёллари бўлганини эслатиб, улар ҳам ватан учун жонини беришга тайёр, деб ўйлашларини билдирди.
“Туркий хотин-қизларнинг жанговор салоҳияти ҳақида кўплаб манбаалардан ўқиганмиз. Биз туркий халқлар, айниқса, ўзбек хотин-қизлари ишдан, меҳнатдан, керак бўлса, душманнинг олдига тик чиқишдан қўрқмайди. Бунга тарихимиз гувоҳ”, деди Катта лейтенант Бобур Элмуродов.
Шунингдек, Мудофаа вазирлигига оид ахборот тизимларида фаолият кўрсатувчи аёл ҳарбий ходима ҳам қизларнинг армияга бориши ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади.
“Армияга бориш бу ватанда туғилиб-ўсган ҳар бир инсоннинг бурчи. Ўғилми ёки қиз ватанга фойдаси тегадиган бўлиши керак. Чунки тинчлик ҳаммамиз учун қадрли. Аёл жазм этса, ҳар ишга қодир, деганларидек ҳар қандай инсоннинг ўзида ватанга кучли меҳр-муҳаббат бўлса ва энг аввало касбини севса, албатта ўз ўрнини топади”, деди у.
Бундан ташқари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси мактабни битирган ва олий таълим муассасаларида таълимни давом эттирмаётган йигитларни мажбурий тарзда муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш таклифини ҳам ўтарган эди. Мудофаа тизими ходимларидан айни шу саволга ҳам жавоб сўралди. Уларнинг бу борадаги фикри турлича.
“Агар шундай бўлган тақдирда ҳам бунинг нимаси ёмон? Ахир бу ватан олдидаги улуғ бурчимизку”, деди ёш харбийлардан бири.
“Нафақат ҳарбий сифатида, балки бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси, бир эркак сифатида ҳар бир ҳарбий хизматга яроқли йигит армияга бориши шарт деб ҳисоблайман. Конституцияда белгилаб қўйилган”, деди бошқа бир ҳарбий.
Аммо айрим ҳарбийлар мажбурий ҳарбий хизматни ёқламади.
“Мен 50 ёшдаман ва мана шу ёшимда ҳам Ўзбекистонга қарши ҳар қандай таҳдид юзага келган ҳолда қўшинлар сафида хизмат қилишга тайёрман. Ёшларимиз ҳам ўзининг хоҳиш-истагига кўра, ватан учун хизмат қилишга отланиши керак. Ватанни мажбурлаб севиб бўлмаганидек, ватанга садоқат билан хизмат қилишни ҳам мажбурий қилиш хато”, деди у.
LiveБарчаси
01 Январь