“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли қурилиши учун ер ажратилди
Олам
−
09 Декабрь
41782024 йилнинг октябрь ойида қурилиши бошланган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли учун ер ажратилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров тегишли қарорни имзолади.
Ҳужжат Жалолобод шаҳридаги ер майдонларини халқаро лойиҳани амалга ошириш учун трансформация қилишни тартибга солади.
Қарорда қишлоқ хўжалиги ва сув фонди тоифаларидан 44,29 гектар ерни “саноат, транспорт, алоқа, энергетика, мудофаа ва бошқа мақсадлардаги ерлар” тоифасига ўтказиш назарда тутилган. Жумладан:
- 36,55 гектар суғориладиган экин майдонлари;
- 7,54 гектар лалмикор ер;
- 0,2 гектар ботқоқлар.
Жалолобод шаҳар ҳокимлигига ер участкаларини рўйхатга олиш ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, қишлоқ хўжалиги ерлари давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий мулкдаги ер майдонларини эквивалент ер участкаларига алмаштиришни таъминлаш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик ҳужжатларини тасдиқлаш топширилган. Ерлардан нотўғри фойдаланилган ёки ўзлаштирилмаган тақдирда, уларни олиб қўйиш таъминланади.
Маълумот учун, 2022 йил сентябрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой 454 километрлик темирйўл линияси бўйича келишиб олганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Ўзбекистон темирйўллари” компаниясига “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўл лойиҳаси компаниясининг устав капиталидаги Ўзбекистон улушини молиялаштириш учун 255 миллион доллар миқдорида кредит ажратиши белгиланганди. Ушбу маблағнинг 14 миллиони жорий йил охиригача ажратилиши режалаштирилган. Кредитлар йиллик 5 фоиз ставка билан 15 йил муддатга, жумладан, 7 йиллик имтиёзли давр билан берилади. 6 июнь куни имзоланган келишув шартларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг лойиҳа компаниясидаги улуши 24,5 фоиздан, 51 фоизи эса Хитойга тегишли бўлади. Мавжуд маълумотларга кўра, лойиҳа компаниясининг умумий устав капитали 1,040 млрд долларни ташкил қилади. Сентябрь ойида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўллари компанияси” МЧЖ очилганди.