Қорақалпоғистонда ҳомиладор аёл ва икки эркак ис газидан вафот этди
3-саҳифа
−
26 Октябрь
4418Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида жорий йилнинг 18 октябрь куни ҳомиладор аёл, унинг турмуш ўртоғи ҳамда уларнинг яна бир қариндоши ис газидан вафот этганлиги ҳақида QALAMPIR.UZ'га хабар келиб тушди. Унда 23 ёшли аёлнинг ҳомиласи беш ойлик эканлиги айтилди.
Таҳририят воқеага аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Унинг бизга маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 18 октябрь куни Нукус шаҳрининг 23-кичик тумани 3/6-уйнинг 33-хонадонида уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. Шу куни эрталаб соат 07:51 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали шифокори К.Е. “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, 1999 йилда туғилган Я.А. ва унинг 2001 йилда туғилган турмуш ўртоғи Я.М. ҳамда уларнинг уйига меҳмон бўлиб борган қариндоши, 1997 йили туғилган Т.А. ис газидан заҳарланиб вафот этганини айтган.
Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи юборилиб, олиб борилган суриштирув ишлари давомида, ушбу фуқаролар уйнинг иситиш қозонхонаси мўрисидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этгани тасдиқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни Қўшработ туманидаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлганди. Мазкур ҳолат юзасидан туман газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳаво ҳароратининг пасайиши ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш эҳтиёжи ортиши муносабати билан уй-жой секторлари, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларидаги газ, электр ва бошқа ёқилғида ишловчи иситиш мосламаларини соз ҳамда шай ҳолатга келтириш чораларини мавсум бошланишидан аввал амалга ошириш зарурлигини билдирганди.
LiveБарчаси