“Урдию сурди”. Бойсунда Isuzu ҳайдовчиси уч кишини уриб кетди (видео)
3-саҳифа
−
10 Октябрь
9076Сурхондарё вилояти Бойсун туманида Isuzu русумли юк машинаси ҳайдовчиси уч кишини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди. Ҳодиса оқибатида икки киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса 7 октябрь куни Бойсун тумани ҳудудида содир бўлган. Captiva ҳайдовчиси ва унинг икки нафар йўловчиси М-39 автомобиль йўлининг Бойсун тумани ҳудудидан ўтган қисмида йўл четида тўхтаб машинасига ёнилғи қуяётганда номаълум транспорт уларни уриб юбориб, қочиб кетган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Иккинчи йўловчи шифохонага олиб кетилган.
Суриштирувлар натижасида Captiva ҳайдовчиси ва йўловчиларини Isuzu русумли юк машинаси уриб кетгани, ҳайдовчи эса ҳодиса ҳақида ҳеч кимга хабар бермай воқеа жойидан қочиб кетгани аниқланган.
Олиб борилган тезкор чоралар натижасида гумонланувчи юк машинаси билан Сирдарё вилояти ҳудудида ҳаракатланаётгани аниқланган. 56 ёшли юк машинаси ҳайдовчиси тегишли тартибда ушланиб, Бойсун туман ИИБга олиб борилган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумондор процессуал тартибда қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида Nexia-2 ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмида кетаётган фуқарони уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган эди. ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олган фуқаро кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, вафот этган.
LiveБарчаси