Қирғизистон “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди
Олам
−
06 Сентябрь
2218Қирғизистон “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда “Asia Plus” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат ҳудудида судлар томонидан фаолияти тақиқланган террорчи ташкилотларнинг рўйхатини эълон қилди. Ҳужжатда 20 та ташкилот келтирилган. Улар орасида “Толибон” қайд этилмаган.
“Афғонистонда юз берган сўнгги ўзгаришлар сабаб, балки, “Толибон” рўйхатдан чиқарилгандир. Сизлар батафсил маълумот бериши мумкин бўлган суд органларига ва рўйхатни эълон қилган Бош прокуратурага мурожаат қилишингиз лозим”, дейди Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари ўринбосари Азамат Юсупов.
Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раисининг бошқа бир ўринбосарининг қўшимча қилишича, Қозоғистонда ҳам “Толибон” террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилган. Унинг сўзларига кўра, КХШТ давлатлари ҳам ушбу масалани муҳокама қилмоқда.
Қирғизистон судлари томонидан тақиқланган ташкилотлар қаторида “Ал-Қоида”, Шарқий Туркистон ислом ҳаракати, Курд халқ конгресси, “Ҳизбут-Таҳрир” ҳаракати бор.
Маълумот учун, Первомайск туман судининг 2006 йил сентябрдаги қарори билан “Толибон” Қирғизистонда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон муваққат ҳукумати Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари ва “Толибон”нинг элчисини расман тан олган учинчи давлат бўлганини маълум қилганди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев КХШТга аъзо давлатлар парламент палаталари спикерлари билан учрашувда Қозоғистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик туфайли “Толибон” гуруҳини террорчилар рўйхатидан чиқарганини маълум қилганди. Жорий йилнинг 27 май куни Россия Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари мамлакат Президентига “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълумот киритди. Ташқи ишлар вазири буни “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳақиқий кучга эга эканлиги билан боғлади.
LiveБарчаси