Исроил ва АҚШ Эроннинг йирик ҳужумига тайёрланмоқда – ОАВ
Олам
−
02 Август
8679Оқ уй раҳбари Жо Байден маъмурияти Эрон ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши туфайли ўч олиш учун Исроилга ҳужум қилмоқчи эканлигига ишончи комил ва эҳтимолий урушга тайёрланмоқда. Бу ҳақда мамлакат расмийларига таяниб, “Аxios” ёзмоқда.
“Қўшма Штатлар ҳукумати Эрон яқин кунларда Исроилга ҳужум қилишига ишончи комил”, дея ёзган нашр.
Президент Байден Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни телефон орқали Қўшма Штатлар уни Эрондан келадиган барча таҳдидларга қарши қўллаб-қувватлашига ишонтирган. Суҳбат чоғида сиёсатчилар, шунингдек, Исроилга ракета ҳужумлари ва учувчисиз самолётлардан ўзини ҳимоя қилиш имконини берадиган АҚШ ҳарбий ёрдамини муҳокама қилган. ОАВ маълумотларига кўра, Исроил армияси шай ҳолатга келтирилган.
“Биз ҳар қандай ҳолатга тайёрмиз. Исроил ҳар қандай сценарийга - ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга жуда юқори даражада тайёр”, деган Бош вазир Нетаньяху.
Маълумот учун, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг жорий йил 31 июль куни Теҳронда ўлдирилгани учун Исроил қаттиқ жазога тортилишини айтди. Унинг таъкидлашича, Исмоил Хония кўп вақт олдин жанг майдонида ўзининг қимматли ҳаётини қурбон қилишга ва бу йўлда кўплаб қариндошлари ҳамда дўстларини йўқотиб, шаҳид бўлишга тайёр бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хония Теҳрондаги ўзи истиқомат қилаётган меҳмонхонага яширинча олиб келинган ҳамда ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушиши оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги Имом Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб масжидида унинг дафн маросими бўлиб ўтди.