Хоманаий Хониянинг ўлими учун Исроилдан қасос олишга ваъда берди
Олам
−
31 Июль
16047Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Теҳронда ўлдирилгани учун Исроил қаттиқ жазога тортилишини айтди. Бу ҳақда Хоманаийнинг матбуот хизмати хабар берди.
“Бу ҳаракати билан жиноятчи ва террорчи сионистик режим оғир жазога сабаб бўлди ва биз Эрон Ислом Республикаси ҳудудида шаҳид бўлган шахснинг қони учун қасос олишни ўз бурчимиз деб биламиз”, дейди Хоманаий.
Унинг таъкидлашича, ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари кўп вақт олдин жанг майдонида ўзининг қимматли ҳаётини қурбон қилишга ва бу йўлда кўплаб қариндошлари ва дўстларини йўқотиб, шаҳид бўлишга тайёр бўлган.
“Хоманаий Ислом жамоатчилиги, қаршилик фронти, Фаластиннинг жасур ва мағрур халқи, оиласи ва омон қолган оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Ғазо секторидаги кескинлашув 2023 йил октябрь ойида бошланганидан бери Исроил кучлари Ғазо шаҳридаги Фаластин гуруҳи етакчисининг оиласи истиқомат қилаётган қочқинлар лагерига бир неча бор зарба берган. Зарбалар оқибатида Хониянинг уч ўғли ва тўрт набираси, шунингдек, синглиси ҳалок бўлган.
Маълумот учун, Исмоил Хония бугун эрталаб Эрон пойтахти Теҳрондаги ҳужумда ҳалок бўлди. ҲАМАС ҳаракати матбуот хизмати Исроил армияси ҳаракат етакчиси истиқомат қилаётган меҳмон уйига ҳаводан зарба берганини қайд этди. Хония Теҳронга Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида қатнашганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилганини кескин қоралаганди. Американинг “The Wall Street Journal” газетаси Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши Яқин Шарқ минтақасида кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини ёзди.
LiveБарчаси