Абитуриентларнинг деярли ярми тестдан йиқилди
Жамият
−
27 Июль
17791Олий таълим муассасаларига кириш учун топширилган бу йилги имтиҳонларда абитуриентларнинг деярли ярми тестдан йиқилди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, имтиҳонлар 12 кун давом этган бўлиб, 737 351 нафар абитуриент тест синовларида қатнашган. Бу ўтган йилгидан 151 мингга кам. Рухсатнома чиқарилган 65 243 нафар абитуриент имтиҳонга келмаган. Тестдан четлатилганлар сони 94 нафарни ташкил қилган. Тестга кирган абитуриентларнинг 345 минг 869 нафари (46,9%) 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. 56,7 дан кўпроқ балл тўплаган абитуриентлар сони 391 минг 482 нафарни (53,1%) ташкил қилган.
Бу йил энг кўп абитуриентлар Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларига тўғри келган.
Энг юқори ўртача баллар Бухоро, Тошкент ва Фарғона вилоятидан қатнашган абитуриентлар ҳиссасига тўғри келган. Ҳудудлар кесимида ўртача баллар қуйидагича:
- Бухоро вилояти – 75,9 балл;
- Тошкент шаҳри – 74,6 балл;
- Фарғона вилояти – 69,9 балл;
- Наманган вилояти – 68 балл;
- Хоразм вилояти – 68 балл;
- Навоий вилояти – 67,2 балл;
- Самарқанд вилояти – 67 балл;
- Қашқадарё вилояти – 65,9 балл;
- Жиззах вилояти – 65,5 балл;
- Сурхондарё вилояти – 64,7 балл;
- Тошкент вилояти – 64 балл;
- Андижон вилояти – 63,5 балл;
- Қорақалпоғистон Республикаси – 63,3 балл;
- Сирдарё вилояти – 62,8 балл.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 июль куни ОТМларга имтиҳон топшириш якунланиб, эндиликда Олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлаш бошлангани маълум қилинганди.