Исроил ва Эрон энди ўзаро зарбалар алмашмайди – CNN 

Олам

image

Исроил ва Эрон бир-бирига қарши янги ўзаро зарбалар бериш ниятида эмас. Бу ҳақда икки давлатдан бирининг разведка хизматларидаги манбасига таяниб, CNN хабар берди

Телеканал суҳбатдошининг таъкидлашича, "бир қатор ҳужумлар тугаган". Яҳудий давлатининг ҳужумига жавобан Эроннинг Исроилга ҳужуми кутилмайди.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 апрель куни эрталаб Американинг ABC телеканали АҚШ расмийсига таяниб, Исроил Эрон ҳудудидаги объектга ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди. CNN америкалик мулозимга таяниб, бу ҳужум Исроилнинг 14 апрелдаги Эрон ҳужумига жавоби бўлганини таъкидлади.  

Эрон матбуотида эса мамлакат шаҳарларига ҳеч бир давлат томонидан ҳужум қилинмагани ҳақида хабар берилди. Эрон Миллий киберкосмик маркази вакили Ҳусайн Далирян Х’даги саҳифасида Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган учувчисиз самолётлар республика ҳудудидан учирилганини ёзди. Эрон армияси қўмондони генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий Исфаҳон осмонида эшитилган портлаш ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг номаълум объектларга қарши ишлаши натижасида содир бўлганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made