Эрон Британия Мудофаа вазирини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
02 Май
2775Эрон Буюк Британия Мудофаа вазири Грант Шеппс ва Кипрдаги “Акротири” авиабазасини санкциялар рўйхатига киритди. Шунингдек, Британия Қуролли кучлари бошлиқлари, ҳаво базаси қўмондонлари ва уч компанияга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Қайд этилишича, бу қарорга Эрон "тинчлик ва хавфсизликка қарши террорчилик ҳаракатларини" тарғиб қилиш деб талқин қилган Буюк Британиянинг Исроилни қўллаб-қувватлагани сабаб бўлган.
“Эрон Ислом Республикаси Британия режими ва зикр этилган шахсларнинг сионистик режим томонидан содир этилган террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдаги ҳаракатларини қоралайди. Уларни Британия расмийларининг терроризмга қарши кураш бўйича халқаро мажбуриятларини бузиши деб ҳисоблайди ва Буюк Британиянинг хатти-ҳаракатлари БМТ Низомидаги халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини очиқдан-очиқ бузиш эканини маълум қилади”, дейилади ТИВ баёнотида.
“Қора рўйхат”га Британия ҳарбий разведкаси раҳбари Эдриан Берд, Қуролли кучлар стратегик қўмондонлиги раҳбари Жеймс Хоккенхолл ва қироллик армиясининг бошқа юқори мартабали амалдорлари киритилди. Санкциялар Британиянинг HMS Diamond эсминеци, унинг қўмондони Питер Эванс, шунингдек, HMS Richmond фрегати қўмондони Ричард Кемпга нисбатан жорий қилинган. Лондонга кўра, кемалар Яман ҳусийларининг ҳужумлари муносабати билан Қизил денгизда навигация хавфсизлигини таъминламоқда.
Қайд этиш жоизки, Буюк Британия апрель ойида Эронга қарши санкциялар киритишда АҚШга қўшилган. Улар орасида Мудофаа вазири Муҳаммад Ризо Аштианий, Қуролли кучлар Бош штаби ва Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари ҳам бор эди.
Буюк Британия январь ойидан бери Яман ҳусийларининг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларига АҚШ билан бирга жавоб қайтармоқда. Хусусан, Ямандаги нишонларга ҳужумлар уюштирилмоқда. Британия апрель ойи ўрталарида Исроил ҳудудига юзлаб учувчисиз самолётлар ва ракеталар учирилганида яҳудий давлатига Эроннинг ҳужумига қарши курашишда ёрдам берган.