Эрон қандай ракеталар билан Исроилга ҳужум қилганини очиқлади

Олам

image

Жорий йилнинг 14 апрель куни Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштиргани ва баъзи нишонларга зарба бергани хабар қилинганди. Эндиликда Теҳрон ҳужумда “Гадр”, “Эмад” ва “Хайбар” ракеталаридан фойдаланганини эълон қилди. Бу ҳақда Эрон инқилоби гвардияси корпуси Аэрокосмик кучлари қўмондони маслаҳатчиси, генерал-майор Али Белали CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Генералнинг таъкидлашича, бу ракеталарнинг аниқлиги "5 метрдан кам". "Гадр" ва "Эмад" ракеталарининг парвоз масофаси 1600 километрдан ошади, улар 450-500 кг, “Хайбар” ракетаси эса тахминан 320 кг оғирликдаги жанговар каллакларни таший олади.

Белали америкалик журналистларни Теҳрондаги Аэрокосмик кучлар ютуқлари кўргазмаси билан таништирди. CNN’га кўра, Америка оммавий ахборот воситаларига илк бор Эронда бундай кўргазмага қатнашишга рухсат берилмоқда. Кўргазмада Эроннинг қанотли ракеталари, учувчисиз самолётлари, шунингдек, узоқ ва ўрта масофага учувчи баллистик ракеталарининг ўнлаб намуналари тақдим этилган.

“Мудофаа қобилиятимизни сақлаб туриш учун ҳеч кимга боғлиқ эмасмиз. Биз бу борада яхши ютуқларга эришдик ва бундан кейин ҳам ривожланамиз. Ҳали оммага маълум бўлмаган ютуқлар ҳам бор”, дейди Аэрокосмик кучлар қўмондони маслаҳатчиси.

Генералнинг сўзларига кўра, Исроилга зарба бериш чоғида Shahed-136 дронидан ҳам фойдаланилган. Улар учун юк машинасининг кузови ишга туширгич сифатида ишлатилади. Ташқи томондан у оддий юк машинасига ўхшайди, лекин ишга тушириш вақтида кузов очилади ва у ердан дронлар учирилади. Бир корпусга бештагача дрон жойлаштирилиши мумкин, улар ишга туширилгандан сўнг маълум траектория бўйлаб учади.

"Барча мақсадлар олдиндан дастурлаштирилган. Парвоз маршрути душман имкониятлари ва радарнинг кўр нуқталари, шунингдек, нишонга эришишимизга ёрдам берадиган барча элементларни ҳисобга олган ҳолда танланади",  дейди Белали.

CNN’нинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Эроннинг ракета арсеналини Яқин Шарқдаги энг каттаси деб ҳисоблайди. Теҳрон эса ракета дастурини фақат мудофаага қаратилганини айтиб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ракета Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг