Эрдўған Исроилнинг Эронга берган зарбалари ҳақида ким рост гапираётганини билмаслигини айтди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилнинг Эрон ҳудудига берган сўнгги зарбалари ҳақидаги икки томоннинг баёнотларидан қай бири тўғри эканини билмаслигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 19 апрель куни Истанбулда жума намозидан кейин матбуотнинг саволларига жавоб бераётганида сўз очди.

"Ҳозирда Исроил ва Эрон турли гапларни айтмоқда. Ҳеч қандай масъулият йўқ, тушунтириш йўқ. Эроннинг баёнотларидан келиб чиқиб, уни рост гапиряпти, дейиш мумкин эмас. Исроил ҳақида эса умуман бундай деб бўлмайди", дейди Туркия раҳбари.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, АҚШ ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

“Биз БМТ Хавфсизлик Кенгашида Америка Исроил томонида эканини кўрамиз. Ҳамма Фаластинни қўллаб-қувватласа-да, АҚШ сўнгги баёнотларга қараганда, Исроил томонини олишда давом этмоқда. Биз бошқа ҳеч нарсани кутмагандик ва буни яна бир бор текшириш имконига эга бўлдик ", дейди Эрдўған.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги эса Исроил ва Эронни улар ўртасидаги зиддиятнинг доимий можарога айланиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган қадамлардан тийилишга чақирган.

"Сўнгги воқеалардан келиб чиққан ҳолда, Исроилнинг Дамашқдаги Эрон элчихонасига ноқонуний ҳужуми оқибатида юзага келган кескинлик доимий можарога айланиб бориши хавфи борлиги тобора ойдинлашмоқда. Биз барча томонларни можаро чегарасининг кенгайишига олиб келадиган қадамлардан тийилишга чақирамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 19 апрель куни эрталаб Американинг ABC телеканали АҚШ расмийсига таяниб, Исроил Эрон ҳудудидаги объектга ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди. CNN америкалик мулозимга таяниб, бу ҳужум Исроилнинг 14 апрелдаги Эрон ҳужумига жавоби бўлганини таъкидлади.  

Эрон матбуотида эса мамлакат шаҳарларига ҳеч бир давлат томонидан ҳужум қилинмагани ҳақида хабар берилди. Эрон Миллий киберкосмик маркази вакили Ҳусайн Далирян Х’даги саҳифасида Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган учувчисиз самолётлар республика ҳудудидан учирилганини ёзди. Эрон армияси қўмондони генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий Исфаҳон осмонида эшитилган портлаш ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг номаълум объектларга қарши ишлаши натижасида содир бўлганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрон Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made