Зиёратчиларни олиб кетаётган автобус ағдарилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди (видео)
World
−
08:56 4413 1 minute
Венгрия шарқида 57 нафар зиёратчини олиб кетаётган Польша автобуси йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди ҳамда камида 10 киши оғир жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Петер Мадьяр маълум қилди.
Қайд этилишича, автобус кеча, 16 август куни тахминан соат 01:00 да йўл четидаги ариққа тушиб, ағдарилган. Автобусда 2 нафар ҳайдовчи ҳам бўлган ва у Босния жануби-шарқидаги Меджугорьедаги Биби Марям зиёратгоҳидан Польшага қайтаётган бўлган.
Маълумотларга кўра, жабрланганлар яқин атрофдаги тўрт шаҳардаги шифохоналарга олиб кетилган. Польша Президенти Карол Навроцкий ҳалокат муносабати билан таъзия билдирган.
Ҳалокат Мезёкерестеш шаҳри яқинида содир бўлган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳайдовчи ухлаб қолган бўлиши мумкин. Шу сабабли у ҳибсга олинган.
Ҳодисадан омон қолган Ҳелена Тлучек автобус ичини “тасаввур қилиб бўлмайдиган” ҳолатда кўрганини айтган.
“Барча ўриндиқлар узилиб кетган. Одамлар ўриндиқлар остида қолган, ҳамма ёрдам сўраб бақирарди”, деган у.
Тлучек ўзи ҳам жароҳатланганига қарамай, вайрона остида қолган 2 кишини чиқарган ва синглисини ҳам автобусдан олиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганданинг шарқий қисмидаги шаршараларга уюштирилган саёҳатдан қайтаётган мактаб автобуси ҳалокатга учраши оқибатида камида 20 нафар ўқувчи ҳалок бўлганди.
Live
All