Угандада мактаб автобуси ағдарилиб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 17 июль куни Уганданинг шарқий қисмидаги шаршараларга уюштирилган саёҳатдан қайтаётган мактаб автобуси ҳалокатга учраши оқибатида камида 20 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Дастлабки текширувларга кўра, ҳайдовчи автобус бошқарувини йўқотган. Автобус йирик тошга урилиб, йўлдан чиқиб кетган ва ағдарилган. Уганда Таълим вазири Крисостом Муинго фожиадан сўнг барча мактаб саёҳатлари ва экскурсиялари дарҳол ва кейинги хабарга қадар тўхтатилганини маълум қилган.

Полиция маълумотига кўра, автобус пойтахт Кампаладаги “King David Junior School” мактабига тегишли бўлган. У “Sipi Falls” шаршараларига қилинган саёҳатдан қайтаётган вақтда Капчорва туманидаги Чекватит қишлоғи ҳудудида ҳалокатга учраган.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида яна бир нафар катта ёшли киши вафот этган. Уч нафар катта ёшли шахс ва бир неча бола турли даражада жароҳат олган.

Нашрга кўра, Угандада йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлади. Мутахассислар буни асосан транспорт воситаларининг техник ҳолати қониқарсизлиги ва кўчаларда ёритиш тизимининг етарли эмаслиги билан изоҳлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил октябрь ойида ҳам мамлакатнинг Кампала ва Гулу шаҳарлари ўртасидаги асосий автомобиль йўлида автобус ҳалокати содир бўлиб, унда 63 киши ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг