Зеленскийга яқин мулозим ҳибсга олинди
World
−
15:16 3484 3 minutes
Украина Олий коррупцияга қарши суди Президент офиси раҳбарининг собиқ ўринбосари Ирина Мудраяни 20 миллион гривна гаров эвазига озод қилиш имконияти билан 60 кунга ҳибсга олди. Бу ҳақда РБK-Украина хабар берди.
Қайд этилишича, прокурор Мудраяни ҳибсга олишни, муқобил равишда эса 150 миллион гривна миқдорида гаров белгилашни сўраган. Бироқ суд 20 миллион гривна миқдорида гаров белгилаган.
Судда Мудраядан 20 миллион гривна миқдоридаги гаровни тўлаш имконияти бор-йўқлиги сўралган. У ўз маблағларининг бир қисми борлигини, шунингдек, танишлари ва дўстларидан ёрдам кутаётганини айтган.
Таъкидланишича, мазкур иш бўйича суд мажлиси жорий йилнинг 21 август куни бошланган ва 24 ҳамда 25 август кунлари давом эттирилган. Мудраянинг адвокатлари гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли суд жараёнини бир ҳафтага кечиктиришни сўраган. Суд бу илтимосни қисман қаноатлантириб, адвокатларнинг чиқишларини 24 августга қолдирган.
Биринчи суд мажлисида Мудраянинг ҳимоячилари оилавий ҳаётга оид шахсий маълумотлар ошкор қилинаётганини сабаб қилиб, судни ёпиқ тартибда ўтказишни сўраган. Бироқ Олий коррупцияга қарши суд бу илтимосни рад этган.
Ирина Мудрая нимада гумон қилинмоқда?
Жорий йилнинг 19 август куни Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси ва Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратура йирик коррупцияга қарши қаратилган “Форрест Гамп“ махсус операцияси доирасида Мудраяга гумон эълон қилган.
Тергов маълумотларига кўра, гап Президент офисининг юқори мартабали амалдорлари, амалдаги ва собиқ халқ депутатлари ҳамда давлат банки раҳбарлари орасидаги жиноий гуруҳ ҳақида бормоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, гуруҳ 150 миллион гривна миқдоридаги нақд пулни легаллаштиришни ташкил қилган. Ушбу маблағлар сохта компаниялар орқали “Мидас“ иши бўйича жиноий ташкилот аъзоларидан бирининг гарови учун тўлов қилиш мақсадида ҳисоб рақамларига киритилган.
Ошкор қилинган суҳбат ёзувларида “Герман” номи тилга олинган. Маблағ миқдори эса “Мидас” иши доирасида собиқ энергетика вазири Герман Галушенкога белгиланган гаров пули билан мос келади.
Шунингдек, 19 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Ирина Мудраяни Президент офиси раҳбари ўринбосари лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Президент офисида Мудрая, хусусан, суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқий сиёсат ва халқаро судлар билан ҳамкорлик ишларини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган.
Владимир Зеленский мазкур ишга изоҳ берар экан, воқеа тафсилотларини жамият билан бирга билганини айтган. Бироқ ошкор қилинган фактлар зудлик билан қарор қабул қилиш учун етарли бўлганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Киев шаҳар суди Владимир Зеленский идорасининг собиқ раҳбари Андрей Ермакни 140 миллион гривна (тахминан 3,1 миллион доллар) гаров эвазига озод қилиш имконияти билан 60 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.
Live
All