Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларидаги медаллари 29 тага етди
Sport
−
09:49 1843 2 minutes
Бугун, 25 сентябрь куни Япониянинг Айчи-Нагоя шаҳарларида ўтаётган Осиё ўйинларининг 6-куни доирасидаги баҳслар давом этмоқда. Кун доирасидаги каноэ ва байдаркада эшкак эшиш баҳсларида Ўзбекистон делегацияси 3 та кумуш медални қўлга киритди.
Дастлаб 500 метр масофага кечган тўртлик дастурида Екатерина Шубина, Арина Танатмишева, Милана Душев-Янич ва Шаҳризода Мавлоновадан иборат квартет финишга иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медалларни қўлга киритди.
Сўнгра каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Владлен Денисов жорий Осиё ўйинларидаги иккинчи кумуш медалини қўлга киритди. Яккалик баҳсларида иштирок этган спортчи 500 метр масофани иккинчи бўлиб якунлади.
Аёллар ўртасида Каноэда эшкак эшиш баҳсларида 500 метр масофага кечган жуфтликда Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокировадан иборат тандем финишга иккинчи бўлиб етиб келди.
Шу тариқа, байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларининг бугунги дастурида Ўзбекистон делегацияси ҳисобини учта кумуш медаль билан тўлдирди.
Ҳозирга келиб Ўзбекистон делегациясининг Осиё ўйинларидаги жами медаллар сони 29 тага (6 та олтин, 15 та кумуш ва 8 та бронза) етди. Айни дамда Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 5-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё ўйинларида олтин медаль олган ўзбекистонлик спортчиларга 25 000 АҚШ доллари миқдорда пул мукофоти берилиши ҳақида хабар берилганди.