Ўзбекистонлик 3 спортчи Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди
Sport
−
09:40 1391 2 minutes
Бугун, 23 октябрь куни Япониянинг Айчи-Нагоя шаҳарлари мезбонлигидаги V ёзги Пара Осиё ўйинларининг 5-куни бўлиб ўтмоқда. Куннинг дастлабки қисмида ўзбекистонлик спортчилар – Асила Мирзаёрова, Каромат Омонова ва Ҳусния Олимжонова Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди.
Аёллар ўртасидаги узунликка сакраш ва ядро улоқтириш баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.
Аёллар ўртасидаги Т11 классида узунликка сакраш финалида Асила Мирзаёрова 5,04 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди ва Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди. Шаҳризода Темирова эса 4,73 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Кумуш медаль Хитой вакиласига насиб этди.
Қайд этиш жоиз, Асила Мирзаёрова мусобақадаги иштирокини биттадан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан якунлади.
Аёллар ўртасидаги F46 классида ядро улоқтириш финалида Каромат Омонова 13,16 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Осиё рекордини янгилади. Шаҳинахон Йигиталиева эса 11,72 метр натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Аёллар ўртасидаги Т12 классида узунликка сакраш финалида Ўзбекистон вакилалари дастлабки икки ўринни эгаллади.
Ҳусния Олимжонова 5,46 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Пара Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди. Ёқутхон Холбекова эса 5,44 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. Бронза медаль Эрон вакиласига насиб этди.
Шу тариқа, Пара Осиё ўйинларининг 5-кунининг дастлабки қисми натижаларига кўра, Ўзбекистон делегациясининг мусобақадаги умумий медаллари сони 126 тага етди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси мусобақада 11 та спорт тури бўйича 149 нафар спортчи билан иштирок этмоқда. Мусобақалар жорий йилнинг 24 октябрга қадар давом этади.
Live
AllOhangaronda o'qituvchi o'quvchini kaltakladi
22 October