Ўзбекистонда нодавлат таълимдан норозилар кўпаймоқда
Local
−
14:04 5597 2 minutes
Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари соҳасида истеъмолчилар мурожаатлари кўпаймоқда. Сўнгги уч йилда таълимга оид мурожаатларнинг қарийб 96 фоизи хусусий таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу даврда жами 103,5 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2 070 таси таълим хизматларига тааллуқли. Мурожаатларни ўрганиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 1 миллиард сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Қайд этилишича, таҳлиллар давомида фуқароларнинг асосий эътирозлари нодавлат таълим ташкилотларида хизмат кўрсатиш сифати ва шартнома муносабатлари билан боғлиқ экани аниқланган.
Хусусан, фуқаролар қуйидаги ҳолатлардан норози бўлган:
- таълим сифати талаб даражасида эмаслиги;
- амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши;
- шартнома шартлари, тўлов тартиби ва маблағларни қайтариш механизмлари ҳақида етарли маълумот берилмаслиги;
- муддатли тўлов асосида тузилган шартномаларни бекор қилишдаги муаммолар;
- рекламада ваъда қилинган хизматларнинг амалда бажарилмаслиги.
Амалдаги қонунчиликда таълим сифати устидан давлат назорати белгиланган. Бироқ нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш жараёнини тартибга солувчи аниқ механизмлар ва пуллик таълим хизматларини кўрсатишнинг ягона қоидалари мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли, қўмита хорижий тажрибани ҳам ўрганган. Жумладан, Францияда Qualiopi, Нидерландияда NRTO ва Швейцарияда EduQua тизимлари орқали хусусий таълим хизматларининг сифати баҳоланиб, аудит ва сертификатлаш амалиёти йўлга қўйилган. Ушбу тизимлар таълим хизматлари сифати, шаффофлик ва истеъмолчилар манфаатларини таъминлашда муҳим восита сифатида қўлланилмоқда.
Ўрганишлар асосида Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматлари бозорини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурган.
Жумладан:
- нодавлат таълим хизматлари учун ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш;
- нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик таълим хизматларини кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг истеъмолчилар билан муносабатларига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш таклиф қилинмоқда.
Қўмита фикрича, ушбу таклифларнинг амалга оширилиши таълим хизматлари сифатини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, соҳада ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш ва ягона шаффоф тартибларни жорий этишга хизмат қилади.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси мазкур таклифларни амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органларига юборган. Шунингдек, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Live
All