Ўзбекистонда катталарнинг қарийб учдан икки қисмида ортиқча вазн бор – тадқиқот
Local
−
15:37 1021 2 minutes
Ўзбекистонда катталарнинг 64 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ давлатлари орасида ҳам энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари асосида “Our World in Data” келтирган статистикада қайд этилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ортиқча вазнга эга 18 ёшдан катталар улуши 1980 йилда 28 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кўрсаткич 64 фоизга етган. Шу тариқа, 44 йил давомида мамлакатда ортиқча вазнли катталарнинг улуши икки баробардан кўпроқ ошган.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бу кўрсаткич Туркманистон ва Тожикистонда 58 фоиздан, Қозоғистон ва Қирғизистонда 56 фоиздан қайд этилган. МДҲнинг бошқа давлатларидан Россияда 18 ёшдан катталарнинг 56 фоизи, Беларусда эса 55 фоизи ортиқча вазнли деб баҳоланган.
Ўзбекистонда ортиқча вазн муаммоси билан бир қаторда семизлик даражаси ҳам юқори. Мамлакатда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 20 фоизи клиник семизлик мезонларига жавоб беради.
Мутахассислар ортиқча вазн ва семизлик юрак-қон томир касалликлари, юқори қон босими ҳамда 2-тоифа қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар хавфини оширишини таъкидламоқда.
Ўзбекистонда, шунингдек, бир киши учун ўртача кунлик туз истеъмоли 14,9 граммни ташкил этади. Бу ЖССТ тавсия қилган 5 граммлик меъёрдан қарийб 3 баробар кўп.
Шу билан бирга, аҳолининг тахминан учдан бир қисми етарли миқдорда мева ва сабзавот истеъмол қилмайди, 46 фоизида эса холестерин миқдори юқори экани қайд этилган.
Жаҳон миқёсидаги кўрсаткичларга қаралса, дунёда тахминан 45 фоиз инсон ортиқча вазнли ҳисобланади. Ривожланган ва йирик иқтисодиётли мамлакатларда эса АҚШда бу кўрсаткич 71 фоиз, БААда 70 фоиз, Буюк Британияда 62 фоиз, Японияда 24 фоизни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2040 йилга бориб дунёда семиришдан азият чекаётган 5–19 ёшли болалар сони 228 миллионга етиши ва бу кўрсаткич тарихда биринчи марта камвазнли болалар сонидан ошиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All