Ўзбекистонда 4 йилда болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилган – депутат (видео)
Local
−
15:27 469 5 minutes
Ўзбекистонда 4 йилда 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова маълум қилди.
Унинг билдиришича, 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига тегиш бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда 123 та – тўрт йил ичида 445 та жиноят иши қўзғатилган. Депутат ушбу статистикани келтириб, “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси асосида киритилган – болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг мазмунига тўхталган.
Унинг билдиришича, қонун лойиҳасида 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилмоқда.
Иккинчидан, қонун лойиҳасида боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни содир этган шахслар жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан ва жазони ижро этиш муддати ўтганлиги боис жазодан озод қилинмаслиги қатъий белгиланмоқда. Бу орқали бола ҳаётига тажовуз қилган оғир қилмишлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилмоқда.
“Учинчидан, болаларни ҳимоя қилиш фақат жиноят содир этилгандан кейин жазо тайинлаш билан чекланмайди. Зўравонликни олдини олиш, жабрланган боланинг ҳуқуқларини таъминлаш ва унинг манфаатларини тергов ҳамда суд жараёнларида ҳимоя қилиш ҳам бирдек муҳимдир. Шу мақсадда зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёни видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жабрланган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини юзлаштиришни махсус тартиб асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Болага яқин шахслар томонидан зўравонлик содир этилган ҳолатларда эса жиноят ишини судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда”, дейди депутат.
Унинг билдиришича, тўртинчидан, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилмоқда. Бу болаларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг моддий имкониятларидан қатъи назар, малакали юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиради.
Бешинчидан, вояга етмаганга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.
Олтинчидан, ҳужжатда болаларнинг хавфсизлиги учун ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг масъулияти ҳам алоҳида белгиланмоқда. Болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш, таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда эса меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш ҳам таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.
“Асосийси, зўравонликка учраган бола ёрдам сўраш учун идорама-идора югурмаслиги, ўз бошидан кечирган даҳшатли воқеани қайта-қайта сўзлаб беришга мажбур бўлмаслиги керак. Аксинча, давлатнинг ўзи унинг олдига бориши керак. Унга ёрдам қўлини чўзиши, ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаши шарт. Хорижий тажриба ўрганиш мақсадида Дания, Хорватия, Швеция, Швейсария, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Грузия ва Озарбайжон давлатларининг қонунчилиги ўрганиб чиқилди”, дейди Гулруҳ Агзамова.
Унинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди. Қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Олий суд, Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия, бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан келишилган.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Наманганда қизалоққа қилинган зўравонлик ортидан ҳодисага муносабат билдириб, болалар тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмаслигини билдирган эди.
Live
All