“Назоратим остида”. Вазир Эъзоза Каримова Намангандаги фожиа юз берган боғчага борди
Crime
−
11:49 1509 4 minutes
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Наманганда 5 яшар қизалоққа қилинган зўравонлик ортидан ҳодисага муносабат билдириб, болалар тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмаслигини билдирди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида эълон қилган расмий баёнотида сўз очди.
Каримова ўз муносабатида Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида юз берган воқеа уни нафақат вазир, балки она сифатида ҳам қаттиқ ларзага солганини билдирган.
“Боланинг хавфсизлиги учун жавобгар бўлган инсонларнинг ўз вазифасига лоқайд муносабатда бўлишини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди”, деган вазир.
Эъзоза Каримова воқеадан хабар топганида Андижон вилоятида бўлганини, ўша куни Тошкентга қайтиш ўрнига Наманганга бориб, вазиятни жойида ўрганганини қайд этган.
“Ҳолатнинг тафсилотлари, масъуллар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чоралар билан танишдим”, деган Каримова.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири шу ўринда, нега бу ҳақда аввалроқ оммага маълумот берилмаганига изоҳ бериб ўтган. Унинг сўзларига кўра, ҳолат юзасидан тергов олиб борилаётгани сабабли суриштирув жараёнига халақит бермаслик, энг аввало, қизалоқнинг манфаатлари ва шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш учун воқеа тафсилотлари ошкор қилинмаган. Шунингдек, Каримова ваколатли органларнинг хулосалари кутилаётган вақтида ҳам вазирлик ўз ваколати доирасида ҳолатни ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш ишларини давом эттирганини маълум қилган.
Билдирилишича, воқеага алоқадорликда гумон қилинаётган барча ходимлар ишдан олинган. Вазирлик томонидан ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифаларини қандай бажарганини аниқлаш ҳамда уларнинг ўз лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган.
“Ушбу жараёнларни шахсий назоратимга олганман”, дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири.
Эъзоза Каримованинг қайд этишича, ўрганиш давомида ким ўз вазифасини бажармагани, ким бепарволикка йўл қўйгани ва ким ушбу ҳолатга кўз юмганига аниқлик киритилиши керак. Унинг маълум қилишича, болалар хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳар бир ходим ва раҳбарнинг фаолиятига шу мезон асосида баҳо берилади. Уларнинг лавозими ёки хизмат тажрибасидан қатъи назар, вазирлик ваколати доирасида қатъий чоралар кўрилади. Айбдор деб топилган шахслар эса қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
“Айни кунларда махсус ишчи гуруҳ мамлакатимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг – раҳбарлардан тортиб техник ходимларгача – фаолиятини ўрганмоқда”, деб ёзган Каримова.
Шу билан бирга, бу жараёнда аниқланган ҳар бир камчиликнинг сабаби ва унга йўл қўйган масъулларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилиши айтилган. Кўриладиган чоралар болалар учун хавфсиз муҳит яратишга ва бундай воқеаларнинг такрорланишига йўл қўймасликка хизмат қилиши кераклиги таъкидланган.
Шу ўринда, Мактабгача ва мактаб таълими вазири тизимдаги барча раҳбар ва ходимларга мурожаат қилиб, уларга ишониб топширилган ҳар бир боланинг хавфсизлиги уларнинг кундалик фаолиятидаги энг асосий талаби бўлиши шартлигини айтган.
“Фарзандларимиз тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмайди.
Ота-оналарнинг ишончини оқлаш учун ҳар бир боғчада бола ҳимояланганини, унга меҳр ва эътибор кўрсатилаётганини амалда таъминлашимиз зарур”, дея қайд этган Эъзоза Каримова.
Намангандаги боғчада фожиа
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Live
AllStarship kosmik kemasi ilk bor orbitaga yo'l oldi
28 September