Украинада Бош прокурор офисидан доллар тўла сейф топилди
World
−
15:51 1777 2 minutes
Украина Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратураси Бош прокуратура идорасида фирибгарлик билан боғлиқ қўнғироқ марказларига ҳомийлик қилиш бўйича тергов давомида топилган нақд пул солинган сейфнинг фотосуратини эълон қилди. Тегишли сурат кеча, 5 сентябрь куни идоранинг Telegram-каналига жойланган.
Тасвирда баландлиги тахминан бир метр бўлган, бир нечта токчалар ва пастки қисмида тортма билан жиҳозланган металл сейф кўринади. Ичкарида эски ва янги нусхадаги юз долларлик банкноталар қатор қилиб жойлаштирилган. Тасвирга қараб хулоса қилинса, сейф нақд пул билан тахминан ярмигача тўлдирилган.
Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратура билан ҳамкорликда бир кун аввал Бош прокурор офисининг кибердепартаменти бошлиғи Сергей Крапивани қўлга олган. Бу ҳолат фирибгарлик колл-марказлари тармоғига ҳомийлик қилиш ва мулкни қонунийлаштиришга алоқадор жиноий ташкилотни фош этиш бўйича махсус операция доирасида юз берганига аниқлик киритилган.
Украинанинг “Зеркало недели” нашри 5 сентябрь куни Украина ҳудудида 2 мингга яқин фирибгарлик колл-марказлари фаолият юритаётганини аниқлаган. Бунда уларнинг тахминан ярми текширувлар ва тинтувлардан ҳимоя қилишни таъминлаб берадиган ҳуқуқ-тиртибот идоралари вакилларига ҳар ойда пул ўтказиб туради. Бундай тўловларнинг умумий суммаси ойига 24 миллион доллардан ошади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада Миллий коррупцияга қарши бюро ва Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратура юқори лавозимдаги амалдорларга нисбатан терговни давом эттираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All