Украина “Яндекс”нинг “темир юраги”га зарба берди (видео)
World
−
13:31 3017 2 minutes
Россиянинг Владимир шаҳрида Украина дрони ҳужуми оқибатида “Яндекс” компаниясининг маълумотлар маркази фаолияти тўлиқ тўхтади. Ҳодиса оқибатида компаниянинг айрим хизматлари ишламай қолди, электр энергияси билан таъминлайдиган иккита подстанция ҳам узилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Yandex Cloud Alerts маълумотига кўра, дронлар ҳужуми оқибатида маълумотлар маркази инфратузилмасига зарар етган. Ҳозирда тегишли хизматлар ҳодиса оқибатларини бартараф этмоқда. Ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Компания ресурсларнинг қолган қисми ҳам беқарор ишлаши мумкинлигидан огоҳлантириб, фойдаланувчиларга фавқулодда тиклашнинг муқобил режаларидан фойдаланишни тавсия қилган. Шунингдек, техник ёрдам билан алоқа каналлари ҳам беқарор ишлаши мумкинлиги билдирилган. Компания етказилган зарарни ва фаолиятни қайта тиклаш имкониятларини баҳоламоқда.
“Яндекс” матбуот хизмати ҳужум оқибатида компаниянинг айрим хизматлари ишламай қолганини маълум қилган. Мониторинг хизматлари “Яндекс Go”, “Яндекс Pay”, “Яндекс Мусиқа”, “Кинопоиск” ва “Алиса билан уй” хизматлари фаолиятида узилишлар кузатилгани ҳақида фойдаланувчилардан шикоятлар келиб тушганини қайд этган.
Владимир вилояти губернатори Александр Авдеевнинг билдиришича, минтақадаги инфратузилмага қилинган ҳужум оқибатида ёнғин чиққан. Электр энергияси билан 5 минг нафар аҳолини таъминлайдиган иккита подстанция фаолияти тўхтаган. Дастлабки маълумотларга кўра, турар жой бинолари вайрон бўлмаган ва жабрланганлар йўқ.
Бу “Яндекс”нинг сўнгги кунларда Украина дронлари ҳужумига учраган учинчи маълумотлар маркази бўлди. Жорий йилнинг 7 октябрдан 8 октябрга ўтар кечаси Рязань вилоятининг Сасово шаҳридаги маълумотлар марказида дрон ҳужумидан кейин ёнғин чиққан ва объект фаолияти тўлиқ тўхтаган эди. 9 октябрь куни эса Калуга шаҳридаги маълумотлар марказига ҳужум қилинган. “Яндекс” маълумотига кўра, у ердаги бир нечта модул бутунлай ишдан чиққан.
Компания маълумотлар марказларини ўзининг “темир юраги” деб атаб, уларнинг узлуксиз ишлаши кундалик хизматлар ва мижозлар бизнеси учун муҳим эканини таъкидлаган. Ҳозирча ускуналар фаолиятини қачон тиклаш мумкинлиги номаълум.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Украина жануби-шарқидаги Запорожье шаҳрига бешта бошқариладиган авиабомба ташлаганди. Оқибатда 12 киши, жумладан, 3 нафар бола ҳалок бўлиб, яна 14 киши яралганди.
Live
All