Украина бирваракайига 3 та Ozon омборини бомбалади (видео)
World
−
11:50 2630 2 minutes
Бугун, 24 августга ўтар кечаси Украина дронлари бир вақтнинг ўзида Россиянинг учта ҳудудидаги Ozon омборларига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza“ хабар берди.
Қайд этилишича, зарба Доғистоннинг Махачқалъа, Адигеядаги Адигейск ва Ставрополь ўлкасидаги Невинномисск шаҳарларидаги омборларга берилган. Ҳужумлар оқибатида Махачқалъадаги омборда ёнғин чиқиб, бир неча киши жароҳатланган.
Ozon матбуот хизматининг маълум қилишича, Махачқалъадаги логистика марказига дрон тахминан соат 05:00 да ҳужум қилган. Компания барча тизимлар одатдагидек ишлагани ва ходимлар тезкор равишда эвакуация қилинганини билдирган. Бир неча жабрланган кишига шифокорлар ёрдам кўрсатган, уларнинг ҳаётига хавф йўқлиги айтилган.
Омборда ёнғин бошланган ва унинг фаолияти тўхтатилган. Ozon ушбу омбордан етказиб берилиши керак бўлган маҳсулотларни вақтинча витринадан яширган. Бошқа омборлардан етказиб бериш имкони бўлмаган буюртмалар бекор қилиниши, сотувчилар учун эса мазкур омборга янги маҳсулот етказиб беришлар тўхтатилиши маълум қилинган. Логистика йўналишлари эса бошқа объектларга қайта тақсимланмоқда.
Адигейск ва Невинномисскдаги Ozon омборларида эса ҳужум хавфи сабаб ходимлар эвакуация қилинган. Компания маълумотига кўра, бу объектларда жабрланганлар йўқ, бинолар ва уларда сақланаётган маҳсулотлар зарар кўрмаган. Шунга қарамай, фавқулодда хизматлар ишлаётгани сабабли ҳар икки омбор ҳам вақтинча фаолиятини тўхтатган.
Адигея раҳбари Мурод Кумпилов Тахтамукай туманидаги Ozon логистика маркази ҳудудида ҳужум оқибатида ёнғин юз берганини маълум қилган. Ёнғинни бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучлари жалб қилинган.
Ставрополь ўлкаси губернатори Владимир Владимиров эса Невинномисск саноат зонасига йўналтирилган дронлар ҳужуми ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан қайтарилганини билдирган. Маҳаллий расмийлар ҳужум оқибатлари бўйича қўшимча маълумот бермаган.
Шунингдек, Краснодарда ҳам дронлар ҳужуми оқибатида хусусий болалар марказига дрон қолдиқлари тушгани хабар қилинган. Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевнинг айтишича, ҳодиса оқибатида 2 нафар бола ҳалок бўлган, яна 7 нафар бола ва 2 катта ёшли киши жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, Украина дронлари жорий йилнинг 22 августга ўтар кечаси Россиянинг Самара вилоятидаги Ozon логистика марказига илк бор зарба берганди.
Live
All