Энди Украина ҳам ўз баллистик ракеталарига эга бўлади

World

image

Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Patriot тизимига муқобил бўладиган ракеталарга қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқиш бўйича йил охиригача “аниқ натижалар”га эришишни истaётганини маълум қилди. Бу ҳақда Зеленский кеча, 6 август куни Киевда Украина ракета дастурлари бўйича ўтказилган йиғилишда сўз очди.

Унинг айтишича, Украина 2026–2027-йилларда ўзининг баллистик ракеталари ва ракеталарга қарши мудофаа имкониятларини ривожлантиришда зарур натижаларга эришишни мақсад қилган. Шунингдек, Зеленский мамлакатда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур илмий база ва тажриба мавжудлигини қайд этган.

“Украина ўз ракетаси ва қурилмасини ишлаб чиқаришга қодир, ҳамкорларимиз эса зарур компонентлар ва муҳим элементлар – радарлар, сенсорлар ва бошқа керакли жиҳозларни тақдим этади. Бошқалар ўз тизимларини ишлаб чиқишга ўнлаб йиллар сарфлаган. Украина эса буни имкон қадар тез амалга ошириши керак. 2026–2027-йиллар чегарасига келиб, аниқ натижалар бўлиши зарур”, деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, йиғилишда Украинанинг баллистик ракета дастурига тайёргарлик ва FREYJA ракеталарга қарши мудофаа дастурини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Унда лойиҳалар учун зарур талаблар, бажарилган босқичлар ва ишларни тезлаштириш муддатлари кўриб чиқилган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, ушбу ишга Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, Бош вазир, Мудофаа вазирлиги, Ташқи разведка хизмати, Украина ҳаво кучлари қўмондонлиги, Brave1 мудофаа технологиялари ташаббуси ҳамда маҳаллий мудофаа компаниялари жалб қилинган.

Лойиҳадаги асосий муаммолар қаторида муҳим компонентларга кириш, халқаро ҳамкорлар билан технологик ҳамкорлик ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш қайд этилган.

Украина ҳужум қуроллари йўналишида ҳам ўз баллистик ракеталарини ишлаб чиқмоқда. Зеленский синовлар уларнинг юқори салоҳиятини кўрсатганини, эндиликда эса мавжуд ишланмаларни ҳақиқий қуролга айлантириш кераклигини таъкидлаган.

FREYJA дастури бўйича эса Украина Европадаги ҳамкорлар билан ишламоқда. Зеленскийнинг айтишича, Норвегия вакиллари ҳам дастурда иштирок этмоқда. У Норвегияга ҳаво мудофааси тизимлари бўйича ёрдам беришга тайёрлиги ва тегишли баллистик ракеталарга қарши имкониятларга эга давлатлар билан ҳамкорлик қилаётгани учун миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россияга аниқ зарбалар бериш учун нишонлар рўйхати янгиланганини маълум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends