Россияга аниқ зарбалар учун нишонлар рўйхати янгиланди – Зеленский

World

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари раҳбарияти билан Россиянинг ҳаво ҳужумлари оқибатлари, фронт чизиғидаги вазият ҳамда денгиз экспорт йўлаги фаолиятини муҳокама қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, йиғилишда Михайло Драпати, Игор Скибюк, Евгений Хмара ва Павло Палиса ҳисобот берган.

“Биз Россиянинг баллистик ракета зарбалари тактикаси туфайли юзага келаётган муаммоларни ҳамда бу тактикага ҳарбий ва дипломатик даражада қандай қарши туриш мумкинлигини батафсил муҳокама қилдик. Шунингдек, ечимлар, техник чоралар ва Украинанинг мудофаасини кучайтиришга хизмат қиладиган асимметрик усулларни белгилаб олдик”, деган Зеленский.

Шунингдек, йиғилишда фронтдаги вазият, хусусан, Славянск ва Константиновка йўналишларидаги ҳолат юзасидан ҳам маълумот берилган. Бундан ташқари, денгиз экспорт йўлаги фаолияти, амалга оширилган ишлар ва кейинги режалар муҳокама қилинган.

Зеленский вақтинча Россия назоратидаги Украина ҳудудларида, жумладан, Қримдаги Россия кучлари ва ҳарбий объектларига қарши ўрта масофали зарбалар бериш бўйича операциялар давом этаётганини таъкидлаган.

“Биз аниқ зарбалар бериладиган энг устувор нишонлар рўйхатини янгиладик”, деган давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Зеленский Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирскийга минтақадаги давлатлар ҳарбий раҳбарияти билан алоқа ва мувофиқлаштиришни кучайтириш бўйича топшириқ берганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Украина Мудофаа вазирлиги ва Президент девони вакилларидан иборат гуруҳлар Европадаги ҳамкорлар билан биргаликда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб беришни жадаллаштириш устида ишламоқда.

Шунингдек, Зеленский Украина Қуролли кучлари Бош штаби фронтдаги вазиятни аниқроқ баҳолаш, юз бераётган ўзгаришларга тезкор жавоб қайтариш ва бригадалар имкониятларини оширишга қаратилган қатор тизимли ислоҳотларни тайёрлаётганини билдирган.

“Украина позицияларини қатъият билан ҳимоя қилаётган ва Россия армиясининг сиёсий раҳбарият олдига қўйилган мақсадларга эришишига тўсқинлик қилаётган барча бўлинмаларга миннатдорчилик билдираман”, деган Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан тинчлик битимини АҚШ Президенти Дональд Трамп истаган жойда, жумладан, Оқ уй ёки Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида имзолашга тайёрлигини маълум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends